Пировардида Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати ва барча молия муассасалари фаолияти жаҳоннинг етакчи рейтинг агентликлари томонидан доимий равишда ижобий баҳога лойиқ кўрилаётир. Бу Президентимизнинг 2010 йил 26 ноябрдаги “2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори асосида изчил кўрилаётган чора-тадбирлар натижасидир, албатта.
Кеча Тошкентда “SAIPRO” ахборот рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки кўмагида ташкил этилган IV Халқаро банк форумининг очилиш маросимида шулар хусусида сўз юритилди.
Республикамизда фаолият кўрсатаётган тижорат банклари мутасаддилари, 10 дан зиёд давлатларнинг лизинг ва аудиторлик компаниялари, олий таълим муассасалари, халқаро рейтинг агентликлари вакиллари қатнашаётган ушбу тадбирда халқаро банк тизимининг бугунги ҳолати, уни ривожлантиришнинг устувор вазифалари, замонавий хизматлар кўламини кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларига хориж сармояларини жалб этишда маҳаллий тижорат банклари иштирокини таъминлаш, соҳа вакиллари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
— Маълумки, глобал молиявий-иқтисодий инқироз оқибатлари ҳали-ҳамон кўплаб мамлакатлар молия-банк тизимига ўз таъсирини ўтказаяпти, — дейди Германия Жамғарма кассалар фондининг халқаро ҳамкорлик бўйича департаменти директори Маттиас Фос. — Иқтисодчиларнинг аксарияти мазкур тангликнинг асосий сабаби сифатида молия бозорининг етарлича назорат қилинмаганлиги, бу борада узвийлик таъминланмаганлигини таъкидлашаяпти. Лекин юртингизда оқилона сиёсат юритилаётгани боис бу борада бирон бир муаммога дуч келинаётгани йўқ. Шу маънода, жорий йилда нуфузли “Global Finance” журнали томонидан тузилган рўйхатга кўра, Ўзбекистон Марказий банки дунё Марказий банклари орасида яна бир поғона юқори кўтарилгани бежиз эмас. Бундай ижобий хулосалар, аввало, банкларнинг тўловга лаёқатлилиги, капиталлашув даражаси мустаҳкамланиб, активлари ошиб бораётганлиги, омонатчиларнинг пул маблағлари бут сақланаётганлиги, кредит портфелининг соғломлиги, кредит, фоиз ҳамда кадрлар сиёсати тўғри ишлаб чиқилганлиги, мижозларга халқаро стандартлар даражасида замонавий хизматлар кўрсатилаётганлиги, умуман, тизимнинг самарали ишлаётганлиги каби омилларга таянилган ҳолда берилади.
Форум доирасида ташкил этилган шуъба мажлисларида замонавий банк сектори ҳолати ва уни ривожлантириш омиллари, банк назоратини мувофиқлаштириш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлашда уларнинг ролини ошириш сингари мавзуларда маърузалар тингланмоқда.
Анжуманда, шунингдек, иштирокчилар учун “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги томонидан семинар, “Grant Thornton” аудиторлик компанияси ташаббуси билан эса давра суҳбати ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.