Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати ютуқлари
  • 26 Ноябрь 2015

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати ютуқлари

“Ўзэкспомарказ” мажмуида бошланган “UzAgroExpo — 2015” ҳамда “UzProdExрo — 2015” ўн биринчи халқаро кўргазмаларида ўз ифодасини топган

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноати ютуқларининг чинакам намойиш майдонига айланган ушбу кўргазмаларнинг нуфузи йил сайин ошиб, уларга бўлган қизиқиш тобора кучаймоқда. Бу галги тадбирларнинг бирлашган экспозициясида дунёнинг Германия, Италия, Франция, Голландия, Польша, Португалия, Хитой, Болгария каби 15 мамлакатидан 80 дан ортиқ компаниялар ўз маҳсулотлари билан иштирок этаётгани бунинг ёрқин исботидир. Зеро, мазкур форум чет эллик мутахассисларга юртимиз фермерлари ва ишбилармонлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик ришталарини боғлаш, биргаликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришиш учун қулай имкониятдир.
Кўргазмаларнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан фермерлик ҳамда тадбиркорлик ҳаракати қўллаб-қувватланаётгани, соҳага интенсив агротехнологиялар, инновацион ишланмалар изчил татбиқ этилаётгани муваффақиятлар гарови бўлмоқда. Натижада нафақат маҳсулот етиштириш ҳажми ортаяпти, балки уни қайта ишлаш кўлами ҳам тобора кенгайиб бораётир. Жумладан, жорий йилнинг тўққиз ойида қишлоқ хўжалиги соҳасида ўсиш суръати 6,6 фоизни ташкил этган бўлса, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 20,9 фоиз кўпайди.
Буларнинг самараси ўлароқ, ҳозирги вақтда кундалик истеъмол товарлари, хусусан, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган ички эҳтиёжнинг 96 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эвазига таъминланаяпти. Ваҳолонки, истиқлолнинг дастлабки йилларида бу каби неъматларга бўлган талаб, асосан, импорт ҳисобидан қондирилар эди. Қўлга киритилган ютуқлар юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида қабул қилинган ҳаётий дастурлар мевасидир, албатта.
Кўргазмаларда соҳанинг барча йўналиши қамраб олинган бўлиб, улар билан чорвачилик, ветеринария, қишлоқ хўжалиги техникалари, боғдорчилик, озиқ-овқат саноати технологиялари ҳамда маҳсулотлари, қадоқлаш воситалари ва ускуналари каби бўлимлар орқали танишиш мумкин. Очиқ майдонда намойиш этилаётган замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, жумладан, ғалла ўриш комбайнлари, ер ҳайдаш тракторлари, тиркама ҳамда бошқа ускуналар, айниқса, юртимиз фермерларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
— Ўзбекистон бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлган иқтисодиётнинг икки тармоғи, яъни қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида улкан салоҳиятга эга давлатдир, — дейди Голландиянинг “DLV plant” компанияси вакили Минк Вермер. — Буни кўргазмада намойиш этилаётган маҳсулотлар яққол тасдиқлаб турибди. Биз ҳам юртингиз ишбилармонлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида ташриф буюрганмиз.
Компаниямиз интенсив технологияларни қўллаган ҳолда, номавсумий муддатларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш технологияларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилишга ихтисослаштирилган. Юртингизда бундай технологиялар ёрдамида куз — баҳор фаслларида ҳам мўл ҳосил етиштириш имконияти жуда юқори. Шу боис кўргазма давомида тенг манфаатли шартномалар тузиб, биргаликда замонавий иссиқхоналар барпо этиш бўйича келишувларга эришишдан умидвормиз.
Республикамиз деҳқон ва фермерлари кўргазмадан ўзларига зарур барча техника ҳамда ускуналарни топиши мумкин. Чунки бу галги тадбирлар қишлоқ мулкдорларининг талаб ва таклифлари ўрганилган ҳолда ташкил қилинган бўлиб, асосан, янги ишланмалар намойиш этилаяпти.
Озиқ-овқат ускуналари бўлими ҳам янги технологик линиялар, ихчам минитехнологияларга жуда бой. Хусусан, “Ixapack” компаниясининг (Франция) ўраш ҳамда қадоқлаш ускуналари юртимиз тадбиркорлари эътиборини тортмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки 40 йиллик тажрибага эга мазкур компанияда маҳсулотларни доналаб қадоқлашдан тортиб, герметик-вакуумли қадоқлашгача бўлган барча турдаги технологик ускуналарни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
— Мамлакатингиз озиқ-овқат саноати тобора тараққий этиб бораяпти, — дейди ушбу компаниянинг экспорт бўйича минтақавий менежери Наталия Силва. — Уларнинг сифат кўрсаткичи юқорилиги ва ўта мазалилиги ҳар қандай мижознинг кўнглига йўл топади. Биз таклиф этаётган ускуналар эса маҳсулотнинг ташқи кўриниши ҳамда дизайни янада бежирим бўлишини таъминлайди. Шунинг учун тадбирнинг биринчи кунидаёқ бир нечта маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар олиб бордик. Бу якунда амалий натижа беришига ишончим комил.
Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, анъанавий равишда ўтказиб келинаётган кўргазмалар боғ ва дала неъматларини қайта ишлашни кўпайтириш борасида кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Негаки, улар саноат корхоналарини модернизация қилиш, зарур ускуналар билан қайта жиҳозлашда муҳим бозор вазифасини ўтаётир. Масалан, пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган “Zar Suxrob” масъулияти чекланган жамияти кўргазмалар доирасида замонавий ускуналарни сотиб олишга муваффақ бўлган субъектлардан биридир.
— Корхонамиз хорижнинг учта энг замонавий технологик линияси билан жиҳозланган, — дейди унинг раҳбари Суҳроб Мирзахонов. — Улар ёрдамида ойига 300 тонна қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш мумкин. Ҳозирги кунда эса буюртмачиларга 15 турдаги ана шундай маҳсулотларни етказиб бераяпмиз.
Қувонарлиси, аввалги кўргазмаларда харидор сифатида қатнашган бўлсак, бу гал маҳсулотимизни сотиш ниятида иштирок этаяпмиз. Асосий мақсадимиз — чет эллик ҳамкорлар топиб, экспорт амалиётини йўлга қўйиш. Фаолиятимиз билан яқиндан танишган хорижлик бир қатор мутахассислар бу борада бизни қўллаб-қувватлашини билдирганидан мамнунмиз.
Халқаро кўргазмалар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Савдо-саноат палатаси, Чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, Озиқ-овқат саноати корхоналари ҳамда “Паррандасаноат” уюшмалари кўмагида “IEG Uzbekistan” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан уюштирилди.
Уч кун давом этадиган мазкур тадбирларда соҳа вакилларига энг замонавий ускуна ва жиҳозлар билан яқиндан танишиш, ўзларига маъқулини танлаган ҳолда, уларни сотиб олиш бўйича келишувларга эришиш учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn