Хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий кафолати
  • 19 Ноябрь 2015

Хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий кафолати

Юртимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ демократик бозор муносабатларини жорий этиш, хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Пировардида бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56 фоиздан ортиқни ташкил этаётир. Айни пайтда хусусий мулк кафолатлари кучайтирилиши, аҳоли фаровонлиги юксалиши натижасида фуқароларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллиги ҳам янада юксалди.
Дарҳақиқат, юртимизда хусусий мулк дахлсизлиги, давлат томонидан ҳимоя қилинишига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Конституциямизда хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳамда тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкинлиги қатъий мустаҳкамланган.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йиллар давомида мамлакатимизда ушбу конституциявий қоида асосида хусусий мулк ва мулкдорларни ҳимоялашга қаратилган ишончли меъёрий-ҳуқуқий асос ҳамда кафолатларни, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка зарур шароит ҳамда имтиёзларни яратиш бўйича кўпгина ишлар бажарилди ва бажарилмоқда. Чунончи, 2012 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Эътиборли жиҳати, бевосита хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳуқуқий ҳимоясига бағишланган бундай Қонун камдан-кам давлатлар тажрибасида учрайди. Ушбу ҳужжатда мулкдор ўз мол-мулкига нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни бажаришга ҳақлилиги қатъий норма сифатида белгилаб қўйилди.
Қонунда, шунингдек, хусусий мулкни ҳимоя қилиш масаласига алоҳида урғу берилди. Бунда хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг хусусий мулк ҳуқуқини тан олиш, хусусий мулк ҳуқуқи бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва хусусий мулк ҳуқуқини бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш, битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш, давлат органининг ва бошқа органнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш, хусусий мулк ҳуқуқини мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилиши, давлат органининг ва бошқа органнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид бўлган ҳужжатининг суд томонидан қўлланилмаслиги сингари усуллари қайд этилди.
Маълумки, давлат мулкини хусусийлаштириш хусусий мулк вужудга келишининг усулларидан биридир. Қонунда давлат мулкини хусусийлаштириш натижасида вужудга келган мулкнинг дахлсизлиги қатъий белгиланган. Унга мувофиқ, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсизлиги, хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги ва бекор қилинмаслиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Бугунги кунда мазкур нормани ҳаётга татбиқ этиш, яъни давлат мулкини хусусийлаштириш йўли билан хусусий мулкдорлар сафини кенгайтириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан давлат акцияларининг 411 пакети ва хўжалик жамиятлари улуши ҳамда 836 та бўш турган ва фойдаланилмаётган объект, шу жумладан, 512 объектни инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан “ноль” харид қиймати бўйича ошкора савдоларда сотиш чоралари тасдиқланди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида давлат акцияларининг 204 пакети савдога қўйилди, 88 та фойдаланилмаётган давлат мулки объекти ошкора савдоларда сотилди.
Сўнгги йилларда мулкдорларнинг мулк ҳуқуқларини давлат органлари ва ҳар қандай шахслар томонидан бузилишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг шу йил 21 августда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ҳам айнан шу мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Мазкур Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят, Фуқаролик, Ер ва Уй-жой кодексларига бевосита хусусий мулк ҳуқуқи ҳимояси механизмини таъминловчи қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс “Хусусий мулк ҳуқуқини бузиш” деб номланувчи 2411-модда билан тўлдирилди. Унда назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш йўли билан уларга зарар етказиш, яъни мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш, номақбуллиги олдиндан аён бўлган шартларни мулкдорга мажбуран қабул қилдириш, шу жумладан, мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз равишда талаб қилиш, шунингдек, мулкдорнинг мулкини олиб қўйиш ёхуд уни ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлаш, ана шундай ҳаракатларни содир этганлик учун оз миқдордаги талон-торож аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, маъмурий жавобгарликка тортилиши назарда тутилди. Мазкур кодекснинг 24111-моддасида эса кўчмас мулкни бузиб ташлаш тартибини бузиш, яъни олиб қўйилаётган ер участкасидаги тадбиркорлик субъектларига тегишли биноларни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни зарарнинг ўрнини мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопламаган ҳолда бузиб ташлаш учун маъмурий жавобгарлик жорий қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси “Хусусий мулк ҳуқуқини бузиш” деб номланувчи 1921-модда билан тўлдирилди. Унга биноан, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органи ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш йўли билан уларга зарар етказиш, яъни мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум этиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш, номақбуллиги олдиндан аён бўлган шартларни мулкдорга мажбуран қабул қилдириш, шу жумладан, мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз равишда талаб қилиш, шунингдек, мулкдорнинг мулкини олиб қўйиш ёхуд уни ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлаш, талон-торож аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланди.
Мулкий муносабатларда кўчмас мулклар ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, бунда кўчмас мулк ўзининг ҳуқуқий табиати ва қиймати жиҳатидан ҳам бошқа мулклардан ажралиб туради. Шу сабабли Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки экинларни бузиб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан, тўлиқ қоплангунига қадар йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи алоҳида норма билан тўлдирилди.
Мухтасар айтганда, Конституциямиз ва амалдаги қонун ҳужжатларида хусусий мулкнинг дахлсизлиги ҳамда ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш механизми билан боғлиқ нормалар тўлиқ ўз аксини топган бўлиб, бу, ўз навбатида, мулкдорлар ва хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқларини самарали ҳимоялашга кафолат сифатида хизмат қилиб келмоқда.

Улуғбек АЛОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn