Тошкент Халқаро инвестициявий форуми — Япония матбуоти нигоҳида
  • 19 Ноябрь 2015

Тошкент Халқаро инвестициявий форуми — Япония матбуоти нигоҳида

Япониянинг “Kyodo News” ахборот агентлиги веб-портали ҳамда “Sankei Shimbun” газетаси саҳифаларида журналист Д. Накаининг жорий йил 5-6 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форумга бағишланган “Иқтисодиётнинг очиқлиги ва жозибадорлиги” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.

Мақолада Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан ташкил этилган мазкур анжуманда дунёнинг 33 та мамлакатидан турли фирма ҳамда компаниялар, сармоявий фондлар ва банклар, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ҳамда бошқа етакчи халқаро иқтисодий ва молия институтларининг 560 нафар вакили, шунингдек, қатор олимлар ҳамда экспертлар қатнашганлиги таъкидлаб ўтилган.
“Тошкент форуми юксак ташкилий даражада ўтказилгани билан бирга, самарали ҳамкорликни йўлга қўйишни кўзда тутувчи кўплаб лойиҳалар ва келишувларга бой бўлди. Анжуман қатнашчилари сонининг ўзиёқ халқаро форум кўламидан далолат беради. Асосий йиғилиш чоғида сўзга чиққан нуфузли халқаро молиявий институтлар вакиллари республика иқтисодиётининг барқарор ривожланиб бораётгани ҳамда 2007 йилдан буён ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиши 8 фоиздан юқори кўрсаткични сақлаб келаётганини алоҳида эътироф этишди. Ўзбекистоннинг аҳоли жиҳатдан Марказий Осиёда энг йирик давлат эканлиги ва республикада хорижий сармоядорлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилганлиги мамлакат иқтисодиётининг жозибадорлигини белгилайди. Анжуманда республика иқтисодий салоҳиятини намоён этувчи муҳим статистик маълумотлар билан бир қаторда, бозор иқтисодиётига асосланган ривожланган демократик давлат қуриш йўлидаги изчил ислоҳотлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди”, деб ёзади Д. Накаи.
Манбада, шунингдек, халқаро форум доирасида энергетика мажмуаси, машинасозлик, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига сармоя киритиш, шу билан бирга, Япония, Корея Республикаси, АҚШ, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилингани қаламга олинган.
Муаллиф ўз мақоласида анжуман чоғида Ўзбекистондаги давлат объектларининг хорижий ҳамда маҳаллий инвесторларга сармоявий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан “ноль” қийматида таклиф этилаётгани мамлакат ҳукумати томонидан олиб борилаётган ғоят пухта ва стратегик муҳим саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси эканлигини таъкидлаб ўтган.
“Халқаро инвестициявий форум хорижий инвесторларга ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, изчил ривожланиб бораётган ҳамда истиқболли Ўзбекистон бозорида бизнес юритишнинг янги қирраларини очиш имконини берди”, дея хулоса қилади япониялик журналист.

Маълумот учун: “Kyodo News” Япония ва хорижда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни ёритувчи етакчи ахборот агентликларидан бири ҳисобланади. У 1901 йилда ташкил қилинган бўлиб, мамлакатнинг 70 дан зиёд газета ҳамда 100 дан ортиқ теле ва радиостанцияларини кенг қамровли хабар ҳамда материаллар билан таъминлайди.
1933 йилда таъсис этилган “Sankei Shimbun” газетаси 1,6 миллиондан ортиқ нусхада чоп этилади.
У Япониянинг молиявий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларидаги масалаларини ёритишга йўналтирилган энг яхши нашр сифатида тан олинган бўлиб, мамлакатдаги бешта йирик газеталардан бири саналади.

«Жаҳон» АА.
Токио

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn