Истиқболли соҳа имкониятлари
  • 18 Ноябрь 2015

Истиқболли соҳа имкониятлари

Бугун озиқ-овқат тақчиллиги аксарият давлатлар учун энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Хусусан, глобал исиш, табиий офатлар, музликларнинг эриши ва океанлар сатҳи кўтарилиши Ер юзида экин майдонлари тобора қисқариб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми камайишига, нарх-навонинг эса кескин кўтарилишига олиб келаётир. Боз устига, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳам вазиятни мураккаблаштирди.

Ана шундай бир шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда узоқ йилларга мўлжалланган дастурлар, лойиҳалар ишлаб чиқилиб, тизимли равишда ҳаётга татбиқ этилаётгани қувонарли ҳолдир. Бу эса, пировардида бозорларимиз тўкинлиги, дастурхонимиз мўл-кўллигига хизмат қилаётир.
Балиқчилик — мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг истиқболли йўналишларидан бири. Зеро, парҳезбоп маҳсулотлар етиштириш билан боғлиқ бизнес лойиҳалар айни пайтда катта даромад манбаи бўлиши баробарида, янги иш ўринлари яратиш имконини ҳам бермоқда. Натижада соҳада мулкчилик муносабатлари такомиллашиб, табиий сув ҳавзаларидан оқилона фойдаланилаётир.
Оролбўйи аҳолиси учун ҳам балиқчилик азалий касб туридир. Ҳозир бу ерда 280 та ишбилармонлик субъекти балиқ ва балиқ маҳсулотлари етиштириш, соҳани ривожлантириш, йўқолаётган балиқ турларини қайта тиклаш ишлари билан шуғулланмоқда.
“Нукус балиқ” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона — шулардан бири. Мазкур жамоа, саккиз йилдирки, Кегейли туманидаги “Даут кўл” ҳавзасида балиқ етиштириш билан шуғулланиб келади. Ўтган йилдан бошлаб эса корхона мутасаддилари Мўйноқ туманидаги “Жалтирбас” кўлини ҳам тендер асосида узоқ муддатга ижарага олди. Натижада 26 қўшимча иш ўрни яратилиб, жамият ишчи-ходимлари сони қарийб 60 нафарга етди. Ўтган йили корхона 470 миллион 658 минг сўм даромад қилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қошидаги “Табиатни муҳофаза қилиш” жамғармасининг 30 миллион сўмлик гранти ҳамда корхонанинг ўз маблағи ҳисобидан бир мавсумда 100 миллион дона балиқ чавағи етиштириладиган инкубация цехи ишга туширилди. Бунинг учун хориждан иккита замонавий ускуна олиб келинди. Ҳозир бу ерда кўпайтирилаётган чавақлар буюртмачиларга шартнома асосида етказиб берилаяпти. Чунончи, ўтган йилнинг ўзида 10 миллион дона балиқ личинкаси етиштирилиб, 32 минг 400 донаси соҳага ихтисослаштирилган тадбиркорлик субъектларига сотилди.
— Балиқчилик ривожида сунъий озиқлантиришнинг аҳамияти катта, — дейди қўшма корхона раҳбари Нурмуҳаммет Примбетов. — Шунинг учун озуқа-ем ишлаб чиқарадиган цех ташкил этиш ҳаракатидамиз. Қолаверса, минтақамизда сув тақчиллигини ҳисобга олган ҳолда, ёпиқ ҳовузларда балиқ урчитишни йўлга қўймоқчимиз. Бундай усул обиҳаёт манбаларидан унумли фойдаланиш, кам маблағ сарфлаб, кўп даромад олиш имконини беради. 
Юқори сифат — муваффақиятлар омили. Қолаверса, ташқи бозорга чиқиш, соғлом рақобат муҳитига мослашишда ҳам ана шу мезон устувор аҳамият касб этади. Шу маънода, ISO 9001 халқаро сифат сертификатига эга қўшма корхона ҳамда унинг қошидаги  “Оқманғит лакрица” масъулияти чекланган жамиятида илғор тажрибалар пухта ўрганилиб, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва қайта жиҳозлаш учун хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида иш олиб борилаётгани эътиборга сазовордир.
Бу йўналишдаги истиқболли лойиҳалар самараси ўлароқ, яқинда “Нукус балиқ” қошида 5 миллион АҚШ долларилик  инвестиция эвазига яна бир йирик ишлаб чиқариш субъекти — “KPC Nukus Herbal Technology” қўшма корхонаси ҳам ташкил этилди. Бўян илдизидан соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат саноати ва бошқа соҳаларда кенг қўлланиладиган глицирризин кислотаси ишлаб чиқарувчи мазкур завод фаолият бошлагач, маҳсулот учун зарур хом ашё “Оқманғит лакрица” масъулияти чекланган жамияти томонидан етказиб берилади.  Бу эса корхона даромадлари янада кўпайиб, қўшимча иш ўринлари яратилади, деганидир.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn