Инновацион лойиҳалар ва амалиёт
  • 18 Ноябрь 2015

Инновацион лойиҳалар ва амалиёт

Юртимизда амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар туфайли четдан келтирилаётган хом ашё ҳамда бутловчи буюмларни ўзимизда тайёрлаш имконияти тобора кенгайиб бормоқда. Бу эса саноат корхоналарининг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, валютани тежаш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратишда муҳим омил бўлаяпти.

Хусусан, кейинги йилларда биргина “GM Uzbekistan” ёпиқ акциядорлик жамиятида янги русумдаги автомобиллар ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши уларга зарур бўлган эҳтиёт қисмлар етказиб беришга ихтисослаштирилган ўнлаб қўшма корхоналарда маҳаллийлаштириш жараёнларининг жадаллашувига туртки берди. Табиийки, бундай муваффақиятлар кенг кўламли техник ва технологик янгиланишлар, маҳаллий муҳандис-техниклар томонидан яратилаётган рационализаторлик таклифлари ҳамда амалиётга кенг жорий этилаётган инновацион лойиҳалар самарасидир.
Андижон шаҳридаги “Andijon mash servis” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишиб, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилиш мумкин. 2004 йилда ташкил қилинган мазкур корхонада дастлаб бир неча турдаги деталлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, ҳозир маҳсулотлар тури 20 тага етган. Чунончи, жамиятда биргина машина ўриндиқлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “ЎзТонг Хонг Ко” қўшма корхонаси учун 14 хилдаги бутловчи қисмлар етказиб берилаяпти. Бу ерда ISO/TS 16949:2009 халқаро сифат назорати тизимининг жорий этилиши “Andijon mash servis” маҳсулотларининг рақобатдошлигини таъминлашга хизмат қилаяпти.
— Жамиятимизда ички бозор учун янги турдаги бутловчи қисмлар тайёрлаш автомобилсозларимизга қўшимча қулайлик яратди, — дейди корхонанинг сифат ва назорат бўлими бошлиғи Музаффар Ҳошимов. — Негаки, шу пайтгача бундай маҳсулотлар валюта эвазига хориждан келтириларди.
Ўтган йилнинг кузида “Andijon mash servis”га “Ўзбеклизинг” акциядорлик жамияти кўмагида 175 минг АҚШ долларилик 3 та замонавий компьютерлаштирилган дастгоҳ сотиб олинди. 15 нафар коллеж битирувчиси ушбу янги технологияларни бошқариш борасида малака оширди. Пировардида иш самарадорлиги сезиларли даражада юксалди. Эндиликда кунига 5 минг донагача деталь буюртмачиларга етказиб берилаётир.
Яна бир янгилик: айни пайтда корхона муҳандислари “GM Uzbekistan” қўшма корхонаси буюртмаси асосида икки турдаги бутловчи қисмни тайёрлашни ўзлаштириш борасида изланишлар олиб бормоқда. Жамоа йил охиригача бу хилдаги маҳсулотлардан 15 мингтасини ишлаб чиқаришни режалаштирган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. “Andijon mash servis” жамоаси яқин йилларда бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни мўлжалламоқда. Хусусан, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида янги бино қуриш ва жиҳозлаш мўлжалланаяпти. Бу корхона имкониятлари янада кенгайиши баробарида, янги иш ўринлари яратилади, деганидир.

Саидаҳмад ШУКУРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn