Модернизация ва технологик янгиланиш саноат корхоналарининг ривожига хизмат қилади
  • 17 Ноябрь 2015

Модернизация ва технологик янгиланиш саноат корхоналарининг ривожига хизмат қилади

Ўзбекистон мустақил тараққиёт йиллари даврида ишончли иқтисодий ҳамкор сифатида дунё ҳамжамияти эътиборига тушди. Ҳатто жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози жараёнида ҳам барча йўналишда барқарор ривожланиш суръатлари таъминланмоқдаки, пировардида иқтисодиётимизга нисбатан қизиқиш тобора ортиб бораяпти.

Ҳақиқатан ҳам, ўз бизнес фаолиятини мамлакатимиз билан боғламоқчи бўлган чет эллик сармоядорлар сафи йил сайин кўпаймоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажмининг 2,4 миллиард АҚШ доллари ёки 21,1 фоизини хорижий инвестиция ва кредитлар, шу жумладан, 1,8 миллиард долларини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил қилгани бунинг яққол далилидир. Қулай ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳитини яратиш, хорижий инвесторларга имтиёзлар тақдим этиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазкур жараёнда кучли рағбатлантирувчи омил бўлди. Натижада чет эл капитали иштирокида кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга муваффақиятли татбиқ қилинди.
Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш, ташқи бозорда рақобатдош бўлган маҳсулотлар тайёрланишини ташкил этиш, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий қилишга қаратилган бундай лойиҳалар кўлами бундан кейин ҳам кенгайиб бораверади. Нега деганда, Президентимизнинг 2015 йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан қилинаётган изчил саъй-ҳаракатлар иқтисодиётимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ошиши, жалб этилаётган сармоялар оқими кўпайишида муҳим омил бўлаётир. Яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форум натижалари ҳам бунинг тасдиғидир.
Гап шундаки, дунёнинг 33 мамлакатидан 560 дан зиёд ишбилармонлар ва етакчи экспертлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари раҳбарлари иштирок этган мазкур тадбир доирасида умумий қиймати 12,4 миллиард АҚШ долларилик битим ва меморандумлар имзоланди. Ушбу келишувлар асосида амалий ишларга киришилгани, айниқса, қувонарлидир.
Пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган “Foton” акциядорлик жамиятида Германиянинг “Soehnle Industrial Solutions GmbH” компанияси билан ҳамкорликда электрон тарозилар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳаётга татбиқ қилинаётган инвестициявий лойиҳа — шулардан бири.
— Айни пайтда германиялик ҳамкорларимиз билан биргаликда тузилган бизнес-режага мувофиқ, ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича жараён қизғин давом этаяпти, — дейди “Foton” акциядорлик жамиятининг бўлим бошлиғи Ҳотам Тўлаганов. — Хорижий инвестицияларни жалб қилиб, шунинг ҳисобига ажратилган бинони таъмирлаш, энг замонавий технологик линияларни ўрнатиш ана шулар жумласидандир. Бу каби ташкилий ишлар 2016 йилнинг бошида якунланиб, маҳсулот тайёрлаш ўзлаштирилиши кўзда тутилган.
Мутахассисларнинг айтишича, бу ерда савдо, саноат тармоқлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси учун кўплаб турдаги электрон тарозилар, жумладан, пахта ҳосилини дала шароитида тез ва аниқ тортиш, пахта толаси тойлари оғирлигини ўлчашга мўлжалланган тарозилар ишлаб чиқарилади. Энг муҳими, уларнинг жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бериши таъминланади. Масалан, савдо шохобчалари учун мўлжалланган тарозиларда маҳсулотнинг нафақат вазни, балки унинг баҳоси ҳам аниқ кўрсатиб берилади. Ёки бўлмаса, бошқа бир йирик ўлчов воситаси ёрдамида соатига 5 километр тезликда ҳаракатланаётган юк машинаси ва унинг юки ҳақида маълумот олиш мумкин.
Таъкидлаш керакки, хорижлик инвесторлар “Foton” корхонаси билан ҳамкорлик қилиш истагини билдиришгани бежиз эмас. Чунки мазкур хўжалик юритувчи субъект электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича бой тажрибага, юксак салоҳиятли кадрларга эга. Ҳозирги кунда бу ерда Маҳаллийлаштириш дастури асосида LED экранли замонавий телевизорлар, назорат-касса машиналарининг янги моделлари, шунингдек, электротехника жиҳозлари қисмлари тайёрланаяпти. Бу нафақат ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдириш, балки экспорт ҳажмини ошириш имконини бераяпти. Ўтган йили 17 миллиард 172 миллион сўмлик маҳсулот тайёрлангани, шундан 3 миллион 617 минг АҚШ долларилик қисми экспорт қилингани бунга яққол мисолдир.
Мазкур кўрсаткичлар истиқболда ҳам муттасил ошиб бориши кутилаяпти. Сабаби, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш бўйича ишлар кўламини кенгайтириш жадал олиб борилмоқда. Хусусан, 2016 йилда 42 дюймли телевизорлар, назорат-касса машиналарининг замонавий моделини ишлаб чиқариш бўйича инвестициявий лойиҳалар тайёрланиб, уларнинг ижроси юзасидан чоралар кўрилмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, иқтисодиётимизда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва уни диверсификациялашга қаратилган бу каби лойиҳалар саноат тармоқларини барқарор ривожлантириш, унинг рақобатдошлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ғоятда аҳамиятлидир.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn