Илғор технологиялар ва юқори самарадорлик
  • 14 Ноябрь 2015

Илғор технологиялар ва юқори самарадорлик

Мамлакатимизда яратилган қулай ва жозибадор инвестиция муҳити чет эллик ишбилармонлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Пировардида янги қўшма корхоналар ташкил этилиб, уларга жалб қилинаётган хорижий сармоялар салмоғи тобора ортиб бораяпти.

Ўз навбатида, саноат тармоқларига илғор технологияларни татбиқ этиш орқали рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилаётир.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида биргина Хоразм вилоятида 982 миллирд сўмлик саноат товарлари тайёрланиб, шундан 8 миллион 316 минг АҚШ долларилик қисми ташқи бозорга чиқарилди.
Бунда Шовот туманининг Чиғатойқалъа қишлоғида барпо этилган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Uztex Shovot” қўшма корхонасининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Мазкур ип йигирув фабрикаси 2012 йилда фаолият бошлаган эди. Бунинг учун 33 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилиниб, корхона хорижнинг энг сўнгги русумдаги технологиялари билан жиҳозланди.
Жамоа бу билан чекланиб қолгани йўқ. Гап шундаки, мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрами арафасида “Uztex Shovot”нинг иккинчи босқичи, яъни МЧЖ шаклидаги “Шовот текстиль” қўшма корхонаси ишга туширилди. Бунинг учун 28,5 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилиб, яна 9,5 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш ва ундан 7,5 минг тонна калава ип тайёрлаш имконияти юзага келди. Эътиборлиси, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 80 фоизини экспорт қилиш режалаштирилган.
Айни пайтда замонавий корхонада 285 нафар киши иш билан банд. Уларнинг 170 нафари коллеж битирувчиларидир. Ана шу йигит-қизларнинг ўз қобилияти ва салоҳиятини тўла намоён этиши учун барча шарт-шароит яратилган.
— Қишлоғимизда яна бир янги корхонанинг ишга туширилиши орзуларимиз рўёбига кенг йўл очди, — дейди оператор Ҳусниддин Абдуллаев. — Бу ерга ўрнатилган технологиялар компьютерлаштирилган. Мен ва тенгдошларим ушбу илғор ускуналарни ҳеч бир қийинчиликсиз бошқараяпмиз. Ишлаб чиқариш цехлари ёруғ ва озода. Дастгоҳлар бир маромда, шовқинсиз ишлайди. Ушбу жамоада меҳнат қилаётганимдан  мамнунман.
Албатта, бугунги бозор иқтисодиёти шароитида хом ашё ва яримтайёр маҳсулотлар сотиш билангина юксак муваффақиятларга эришиб бўлмайди. Бу эса ишлаб чиқариш субъектларини янги-янги истиқболли лойиҳалар устида изланишга ундамоқда. Натижада саноат тармоқларига энг илғор дастгоҳ ва ускуналар жорий этилиб, экспортбоп маҳсулот турларини ўзлаштиришга эришилаяпти.
Чунончи, “Uztex Shovot” тадбиркорлари ҳам ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, яна бир эзгу ташаббусга қўл урди. Шу асосда, ҳадемай, бу ерда корхонанинг тикувчиликка ихтисослаштирилган филиалини ишга тушириш режалаштирилган. Ҳозир бу ерда синов жараёни олиб борилмоқда. У ҳам йилига 3 миллион дона кийим-кечак тайёрлаш қувватига эга бўлиб, 400 кишининг бандлигини таъминлаш имконини беради. Бу яқин истиқболда жамоа сафида меҳнат қилаётганлар сони 1000 нафардан ортади, деганидир.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn