Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ҳақидаги кўрсатув 310 миллиондан ортиқ томошабинга эга нуфузли телеканалда эфирга узатилмоқда
  • 14 Ноябрь 2015

Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ҳақидаги кўрсатув 310 миллиондан ортиқ томошабинга эга нуфузли телеканалда эфирга узатилмоқда

Бизнес ва молия соҳасидаги ахборотлар ҳамда янгиликларни етказиш бўйича дунёга машҳур “Bloomberg” компаниясининг ихтисослаштирилган телеканали — “BloombergTV” Ўзбекистоннинг инвестициявий ва иқтисодий салоҳияти тўғрисидаги кўрсатувни эфирга узатишни бошлади.

Мазкур видеоматериалда нафақат бебаҳо тарихий меросимиз, балки мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ҳамда технологик қайта жиҳозлаш жараёнлари, уларнинг юксак самараларига катта эътибор қаратилган. Таҳлилий кўрсатувда бугун Ўзбекистон дунёда иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётган давлатлар орасида бешинчи ўринни банд этиб турганига алоҳида урғу берилган.
Республикамизда фаолият кўрсатаётган “MAN”, “Huawei”, “GM Powertrain Uzbekistan” каби компанияларга оид лавҳалар мисолида юртимиз жаҳоннинг етакчи брендлари учун ҳар томонлама жозибадор ўлка эканлиги эътироф этилган. Кўп сонли томошабинлар эътиборига, шунингдек, Ўзбекистон нафақат бой хом ашё ресурсларига эга эканлиги, айни пайтда юқори малакали кадрлар мавжудлиги, хорижий инвесторларга бизнес юритиш учун барча қулай шарт-шароит яратилгани ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар тақдим қилинаяпти.
Ўз навбатида, “BloombergTV”да мамлакатимиз бир неча бор дунё миқёсидаги нуфузли халқаро институтларнинг юксак баҳоларига сазовор бўлганлиги ҳам таъкидланаяпти. Хусусан, Буюк Британиянинг “Legatum” халқаро институти 2014 йил 4 ноябрда эълон қилган, сайёрамиз аҳолисининг 96 фоизи ҳамда жаҳон ялпи маҳсулотининг 99 фоизи қамраб олинган Дунё мамлакатларининг фаровонлик индексида Ўзбекистон 142 мамлакат орасида 57-ўринни эгаллагани алоҳида айтиб ўтилган. Қолаверса, яқинда Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорацияси томонидан “Бизнесни юритиш — 2016” (“Doing business — 2016”) бўйича эълон қилинган мамлакатларнинг янги рейтингида юртимиз бир неча поғона кўтарилгани, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури томонидан Ўзбекистон бизнес юритиш учун кенг қулайликлар яратиш борасида энг кўп ислоҳотларни амалга оширган давлатларнинг биринчи ўнталигига киргани ўз эътирофини топган.

Саиджон МАХСУМОВ.



Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn