Таҳлил ва танқид руҳида
  • 02 Ноябрь 2015

Таҳлил ва танқид руҳида

Жойларда ўтказилаётган фаоллар йиғилишларида Президентимизнинг 2015 йил 16 январь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича жорий йилнинг 9 ойида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги вазифалар батафсил муҳокама қилинмоқда.

Фарғона. Вилоят ҳокими Ш. Fаниев бошқарган йиғилишда жорий йилнинг 9 ойида ялпи ҳудудий маҳсулот 6,6 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 11,4, чакана товар айланмаси 14,6, қурилиш-пудрат ишлари 11,6, хизмат кўрсатиш 17,4, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 6,8 фоиз ўсгани алоҳида таъкидланди.
Саноат соҳасини ривожлантириш ҳамда корхоналарда ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, янги қувватларни фойдаланишга топшириш ишлари изчил амалга оширилди. Натижада бу даврда умумий қиймати 150,7 миллиард сўмлик 541 лойиҳа рўёбга чиқарилди. Саноат маҳсулотлари турини кўпайтириш, рақобатдош, импорт ўрнини босувчи, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда, шубҳасиз, Маҳаллийлаштириш дастури муҳим аҳамият касб этаётир. Мазкур дастур доирасида вилоятдаги 21 саноат корхонасида 29 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Улар томонидан 36,5 миллиард сўмлик маҳсулотлар тайёрланди, 208 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди.
Тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида берилаётган имтиёз ва преференциялар самараси ўлароқ, шу йилнинг ўтган даврида вилоятда 1 минг 767 та кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Мазкур соҳага тижорат банклари томонидан 670 миллиард сўмликдан ортиқ кредитлар ажратилди.
Йиғилишда ана шу ютуқлар баробарида, йўл қўйилган камчиликлар хусусида ҳам сўз юритилди. Хусусан, 4 та йирик корхонада саноат ишлаб чиқариш ҳажми камайгани, Марғилон, Фарғона шаҳарлари, Қўштепа, Ёзёвон туманларида экспорт кўрсаткичлари бажарилмагани, Маҳаллийлаштириш дастури ижросини таъминлаш борасида айрим туманларда лойиҳалар ишлаб чиқилмагани танқид қилинди.
Фарғона вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.
* * *
Сирдарё. Вилоят ҳокими О. Ашурматов бошқарган йиғилиш сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилди. Унда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, бошқарма ҳамда идоралар, йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари қатнашди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 2 триллион 66 миллиард сўмни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилдагига нисбатан 8,6, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7,4, қурилиш-пудрат ишлари 1,3, чакана товар айланмаси 20,4, жами хизматлар 15,7, ҳудудий экспорт ҳажми 13,1 фоиз ўсди. Ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 73,7, хизматлар ҳажми эса 33,6 фоизга етди.
Йиғилишда вилоятда ҳисобот даврида хорижий инвестициялар иштирокидаги қўшма корхоналар сони 68 тага етганига эътибор қаратилди. Улар томонидан қарийб 204,9 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди ҳамда 36 миллион АҚШ долларилик экспорт амалиёти бажарилди. 123 та саноат корхонаси очилиб, умумий сони 1 минг 126 тага етди ҳамда улар томонидан 914 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, улар фаолиятига ғов бўлаётган тўсиқларни бартараф этиш борасидаги чора-тадбирлар туфайли жорий йилнинг 9 ойида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўсиш суръатлари таъминланди. Ушбу даврда 716 та кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг сони 7 минг 222 тага етди.
Сирдарё вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Ҳодиев сўзга чиқди.

* * *

Қашқадарё. Фаоллар йиғилишини вилоят ҳокими З. Рўзиев бошқарди. Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ҳудудда 1 минг 309 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 62,2 фоизга етди. Тижорат банклари томонидан 7 минг 823 та тадбиркорлик субъектига 585 миллиард сўмликдан ортиқ кредит маблағи ажратилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳам муайян ютуқларга эришилди. Шу мақсадда амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли жорий йилнинг 9 ойида 66 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди, уларнинг 82 фоизи қишлоқ жойларга тўғри келди.
Бу даврда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 5, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 3,1, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 8,9, капитал қўйилмалар 28,6, пудрат ишлари 11,1, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6, бозор хизматлари 13,7, пуллик хизматлар 8, чакана савдо айланмаси 11,9 фоиз ўсди.
Ҳисобот даврида барча манбалар ҳисобидан 3 триллион 747 миллиард сўмликдан зиёд инвестициялар ўзлаштирилиб, иқтисодиёт тармоқларини изчил модернизация қилиш ҳамда техник ва технологик янгилаш, инфратузилмани ривожлантириш ишлари амалга оширилди. Ўзлаштирилган инвестицияларнинг 70 фоизи ишлаб чиқаришга, қолгани эса ноишлаб чиқаришга йўналтирилди.
Танқид ва таҳлил руҳида ўтган йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган айрим камчиликлар хусусида ҳам сўз юритилиб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Қашқадарё вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари F. Ибрагимов сўзга чиқди.

Набижон СОБИРОВ,
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
Аҳад МУҲАММАДИЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn