Иқтисодий ҳамкорликнинг янги уфқлари
  • 02 Ноябрь 2015

Иқтисодий ҳамкорликнинг янги уфқлари

Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни” мавзуида бизнес-форум бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ҳамда мамлакатимиздаги Германия иқтисодиёти клуби ҳамкорлигида ташкил этилди.

Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Германия Федератив Республикаси ўртасидаги алоқалар барча йўналиш, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада жадал ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Дарҳақиқат, Германия юртимизнинг Европадаги ишончли шерикларидан бири ҳисобланади. Мамлакатларимиз ўртасида 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилган бўлиб, ўтган даврда ўзаро муносабатларнинг мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асоси яратилди. Натижада иқтисодий, савдо-сармоявий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораяпти. Бунга “MAN”, “Claas”, “Lemken”, “Knauf” каби дунёга машҳур немис компаниялари республикамизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани яққол мисол бўла олади.
Мутахассисларнинг эътироф этишича, томонларнинг иқтисодий имкониятлари ниҳоятда юқори. Мазкур тадбир ундан унумли фойдаланиш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, айниқса, инвестиция ва савдо соҳаларида янги лойиҳаларни молиялаштириш масалаларини муҳокама этиш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашишга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир. Форумда икки давлатнинг савдо-саноат, сармоя, суғурта, автомобилсозлик, энергетика, нефть-газ, молия-банк, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ ва сув хўжалиги, кимё, озиқ-овқат саноати, логистика, транспорт ҳамда транспорт коммуникациялари, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ҳамда концернлари раҳбарлари қатнашди.
— Юртингиз билан узоқ муддатли иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз, — дейди “Siemens AG” компанияси департаменти директори Франк Хёзе. — Чунки 20 йиллик ҳамкорлигимиз давомида Ўзбекистон ишончли шерик эканлигига тўлиқ амин бўлдик. Бунинг самараси ўлароқ, ўтган давр мобайнида бизнинг компаниямиз томонидан умумий қиймати 200 миллион АҚШ долларилик лойиҳалар амалга оширилди. Айни пайтда яна бир йирик лойиҳа — Устюрт газ-кимё мажмуасини генераторлар, компрессорлар ва анализаторлар билан таъминлаш устида ишлаяпмиз.
Компаниямиз, шунингдек, яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро сармоявий форумда ҳам иштирок этади. Зеро, ушбу тадбир иқтисодиётингизнинг етакчи соҳаларига инвестициялар киритиш, янги ҳамкорлар топиш бўйича амалий музокаралар олиб бориш учун қулай фурсатдир.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда юртимизда германиялик инвесторлар иштирокида қарийб 110 та корхона ишлаб турибди. Шундан 26 таси тўлиқ немис капитали асосида ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектлардир. Иқтисодиётнинг енгил саноат, тиббиёт ҳамда фармацевтика, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, энергетика, логистика, савдо ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларига ихтисослаштирилган ушбу корхоналар барқарор фаолият кўрсатаяпти.
Анжуманда германиялик ишбилармонларга мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, хусусан, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хусусийлаштириш жараёнлари, хорижий инвесторларга тақдим қилинаётган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Уларда, айниқса, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналарида яратилган шарт-шароитлар катта қизиқиш уйғотди.
— Ўзбекистон — саноат салоҳияти юксак мамлакат, — дейди “C. Spaarmann Logistics” компанияси бош директории Ханс-Петер Отто. — Бизнинг ташрифимиздан кўзланган асосий мақсад юртингиз ишбилармонлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишдир. Шу боис кун давомида бир қанча музокаралар ўтказдик. Бу жараёнда бизнес юритиш учун кенг имконият ҳамда имтиёзлар тизими яратилганига гувоҳ бўлдик.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур форум Германия ишбилармон доираларининг иқтисодиётимизга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганининг ёрқин ифодасидир. Унинг доирасида эришилган келишувлар эса ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни янада ривожлантиришда янги уфқларни очиши, шубҳасиз.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn