Кичик бизнеснинг улкан салоҳияти
  • 29 Октябрь 2015

Кичик бизнеснинг улкан салоҳияти

Жорий йилнинг тўққиз ойида республикамиз озиқ-овқат саноатида 16,7 фоиз ўсиш кузатилди. Бу юртимизда иқтисодиётнинг ушбу тармоғини жадал ривожлантириш, соҳага ихтисослаштирилган ишлаб чиқариш субъектларини фаол қўллаб-қувватлашга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар, қолаверса, мазкур йўналишда ҳаётга татбиқ этилаётган махсус дастурларнинг амалий самарасидир.

Масалан, ўтган йили Андижон вилоятида сут ва сут маҳсулотлари тайёрлаш ҳажми 786 минг тоннани ташкил этган эди. Ҳудуднинг 2015/2016 йилларга мўлжалланган озиқ-овқат дастури ижроси асосида жорий йилда бу кўрсаткич янада ошиши кутилмоқда.
Бўз туманидаги  “Евро экфин” масъулияти чекланган жамияти ҳам яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, фаолиятини тобора кенгайтириб бораётган тадбиркорлик субъектларидан биридир. Кунига 40 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга мазкур жамият цехлари банкнинг 9 миллиард сўмлик кредити ҳамда 2 миллиард сўмлик ўз маблағи эвазига Европа мамлакатларидан келтирилган замонавий дастгоҳлар билан жиҳозлангач, бу ерда импорт ўрнини босувчи юқори сифатли йогуртлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ўз навбатида, 100 кишининг бандлиги таъминланди.
Яна бир жиҳат ҳақида. Шу тумандаги “Бўз фарм” масъулияти чекланган жамиятида сутни қайта ишлаш корхоналари учун ускуналар кўргазмаси ташкил этилганидан сўнг қишлоқ жойларда ихчам ва илғор технологияларга асосланган кичик корхоналарни очиш истагида юрганлар сони бирмунча кўпайди. Чунончи, Улуғнор туманида 600 миллион сўм миқдорида инвестиция киритиш шарти билан замонавий ишлаб чиқариш субъектини бунёд этишга киришилган бўлса, бошқа туманларда ҳам бу каби ҳаракатлар бошлаб юборилди. 
“Бўз фарм” масъулияти чекланган жамияти бежиз намуна сифатида танлангани йўқ. Гарчи корхона 2014 йилнинг август ойида ташкил қилинган бўлса-да, унинг раҳбари Иброҳимжон Саидохунов бу соҳада катта тажрибага эга.
Дарҳақиқат, отаси Муҳаммадазиз аканинг изидан бориб, 1996 йилда “Шаҳрихонсут” ҳиссадорлик жамиятида иш бошлаган Иброҳимжон ўтган давр ичида кўплаб қозонлар, буғ машиналари, сепараторларни нафақат созлади, балки уларни монтаж қилиш, иш самарадорлигини оширишнинг ҳадисини олди. 2006 йилдан эса Шаҳрихон туманидаги “Эдельвейс”  масъулияти чекланган жамиятида сутни қайта ишлаш ускуналарини таъмирлаш цехини ташкил этди. Шундан эътиборан, фермерлар, тадбиркорлар учун сутни қайта ишлаш корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича хизмат кўрсатишни бошлади. Шу билан бирга, республикамизнинг турли вилоятларида ана шундай корхоналарни ишга туширишга ҳисса қўшди. Хусусан, у Тошкент вилоятидаги “Чирчиқ музқаймоғи” корхонасини жиҳозлашга кўмаклашди. Ҳозирги кунда бу ерда кунига 60 тонна сут қайта ишланмоқда. Бундан ташқари, Бухоронинг ўиждувонида, Қорақалпоғистонда, Фарғона водийси вилоятларида ҳам шаҳрихонлик тадбиркор меҳнати сингган талайгина цех ва корхоналар фаолият кўрсатаётир.
— Темирга қайта умр бағишлашдан завқланаман, — дейди у. — Масалан, “Бўз фарм”да ўзимиз ихтиро қилган 360 вольтли буғ қозонини ўрнатганмиз. Бундай ускунани ишлатиш учун бошқа технологик тизимларда алоҳида қозонхона ва ёқилғи талаб этилади. Демакки, сарф-харажат ортади. Бизнинг буғ қозонимизни эса 220 вольтга ҳам мослаштирса бўлади.
Айни пайтда Иброҳимжон Саидохунов бошчилигидаги 15 кишидан иборат жамоа 14 турдаги сут маҳсулотларини аҳолига етказиб бермоқда. Эътиборлиси, “Бўз фарм”нинг изланувчан мутахассислари республикамизда биринчилардан бўлиб сут зардобидан музқаймоқ кукунини олиш технологиясини яратгани ўз самарасини кўрсатаяпти.
Гап шундаки, вакуумли миксер-гомогенизатор ускунаси билан жиҳозланган эритиш қозони ёрдамида ёғ-мой маҳсулотлари (маргарин, майонез ва ҳоказо), сутли маҳсулотлар (сливка, кефир, пишлоқ), қандолат маҳсулотлари (шоколад кремлари, пасталар), фармацевтика ва косметика маҳсулотлари (крем, тиш пастаси, бальзам, гель) ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.
Тадбиркор, шунингдек, латвиялик ҳамкорлари билан Бўз ўрмон хўжалиги ҳудудидан ажратилган майдонда саратонга қарши 21 турдаги экологик тоза дори воситаси ишлаб чиқарувчи корхона қуришни режалаштирган. Шу мақсадда “Риганд фарм” қўшма корхонаси рўйхатдан ўтказилмоқда. Уни ишга тушириш учун хорижлик ишбилармонлар 1,2 миллион евро, Иброҳимжон Саидохунов эса 800 минг евро миқдорида сармоя киритиш мажбуриятини олган.
Кўриниб турибдики, Иброҳимжоннинг янги лойиҳаси рўёбга чиққач, мамлакатимиз валюта захирасини кўпайтиришга муносиб ҳисса қўшилади. Унинг юртимизда тадбиркорларга яратилаётган қулай имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда, фаолият йўналишини кенгайтираётганидан мақсади ҳам шу.


Саидаҳмад ШУКУРОВ.
СУРАТЛАРДА: “Евро экфин” масъулияти чекланган жамияти фаолиятидан лавҳалар.
Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn