Натижалар таҳлили ва устувор вазифалар
  • 29 Октябрь 2015

Натижалар таҳлили ва устувор вазифалар

Шу кунларда жойларда жорий йилнинг 9 ойида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгес раиси М. Ерниязов бошқарган фаоллар йиғилишида жорий йилнинг 9 ойида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар муҳокама этилди. Таъкидланганидек, ушбу даврда иқтисодиётнинг барқарор ўсишига эришилди. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот 3 триллион 45 миллиард сўм ёки 108,7 фоизни ташкил қилди. Бунда кичик бизнеснинг улуши 66,7, хизматлар ҳажми эса 46,7 фоизга тенг бўлди.
Инвестиция дастурига мувофиқ, барча манбалар ҳисобидан 4 триллион 508 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди. Яъни 10 та даволаш-профилактика муассасасида 27 миллиард сўмлик капитал таъмирлаш, 22 та умумтаълим мактаби ҳамда 10 та касб-ҳунар коллежида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.  Шу билан бирга, 60 та сув таъминоти иншоотида 19 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилиб, 159 километрлик ичимлик суви тармоқлари фойдаланишга топширилди.
Йиғилишда 2015 — 2019 йилларга мўлжалланган муҳандислик-коммуникация дастури асосида 65 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари рўёбга чиқарилиб, 16 километрлик йўл фойдаланишга топширилгани алоҳида қайд этиб ўтилди. Маҳаллий аҳамиятга молик ва хўжаликлараро йўлларни таъмирлаш учун эса 12 миллиард сўм йўналтирилди ҳамда 30 километрга яқин йўл ишга туширилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ижроси доирасида саноат, сервис, қишлоқ хўжалиги соҳаларида 115 миллиард сўмлик 1 минг 641 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Пировардида 7 минг 354 та иш ўрни яратилди. Ушбу дастурдан келиб чиққан ҳолда, Қораўзак туманида қиймати 17 миллиард сўм ҳамда 19 миллион АҚШ долларига тенг бўлган, йилига 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга корхона қурилиши якунланмоқда. У ишга тушгач, бу ерда 200 нафар киши доимий даромад манбаига эга бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.
Бухоро
Вилоят ҳокими М. Эсонов бошқарган фаоллар йиғилишида шу йилнинг 9 ойида ялпи ҳудудий маҳсулот 7,1, саноат маҳсулотлари 8,6, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 6,4, пудрат ишлари 10,7, чакана товар айланмаси 14,2, хизматлар кўрсатиш 16,5 фоиз ўсгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, вилоятда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш борасида қўлга киритилган ютуқ ҳамда натижалар эътироф этилгани ҳолда, йўл қўйилган айрим камчиликлар таҳлил қилинди. Енгил саноат корхоналари қувватидан етарлича фойдаланилмаётгани, қолаверса, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва “Когон ёғ-экстракция заводи” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 32,2 миллиард сўмга камайгани танқид қилинди. Маҳаллийлаштириш дастури бўйича белгиланган кўрсаткичлар бажарилмагани, кўзда тутилган 93,4 миллиард сўм ўрнига 79,7 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилгани  хусусида ҳам танқидий-таҳлилий мулоҳазалар билдирилди.
Вилоятда кичик бизнеснинг иқтисодиётдаги улуши ортиб бораётганига қарамай, соҳа имкониятларидан унумли фойдаланилмай келинмоқда. Шу боис бунинг сабабларини ўрганиш ва бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг истиқболли лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари таркибида “бир дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини очиш лозимлигига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бухоро вилояти фаоллари йиғилишида йилни муваффақиятли якунлаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Самарқанд
Фаоллар йиғилишини вилоят ҳокими З. Мирзаев бошқарди. Сим орқали мулоқот тарзида ўтказилган мазкур тадбирда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари қатнашди.
Шу йилнинг 9 ойида ялпи ҳудудий маҳсулот 8 триллион 197 миллиард сўмни, яъни 110,4 фоизни ташкил этди. Бунда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 114, чакана товар айланмаси 114, қурилиш-пудрат ишлари 113, ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари 106 фоиздан иборат бўлди.
Эътироф этилганидек, бугун вилоятдаги иш билан банд аҳолининг 83 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида фаолият кўрсатмоқда. Хусусий секторни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган даврда 766 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Натижада ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 83,7 фоизга етди.
Иқтисодиётга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 2 триллион 52 миллиард сўмни ташкил этди. Саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури доирасида 297 лойиҳа рўёбга чиқарилиб, 6108 та иш ўрни очилди. Бандлик дастури доирасида яратилган 72 минг 650 та иш ўрнининг 59 мингтаси қишлоқ жойларга тўғри келди.
Таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган йиғилишда қўлга киритилган ютуқ ҳамда натижалар баробарида, йўл қўйилган камчиликлар хусусида сўз юритилиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, 2 йирик корхонада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми камайган, 4 корхонада белгиланган прогноз кўрсаткичлари бажарилмай қолган. Шу билан бирга, ҳудудда газлама, тикув ва трикотаж маҳсулотлари, пайпоқ, чарм-пойабзал, галантерея буюмлари, хўжалик товарлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган истиқболли лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилаётган бир пайтда, айрим туманларда бундай маҳсулотларни ўзлаштириш ишлари яхши ташкил этилмаган.
Шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш чора-тадбирлари чуқур таҳлил қилинди ҳамда бу борада зарур тавсиялар берилди.
Самарқанд вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.


Ҳидоят АҲМЕДОВ,
Истам ИБРОҲИМОВ,
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn