Таркибий ўзгаришлар ва стратегик дастурлар янги ишлаб чиқариш тармоқларини йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда
  • 08 Октябрь 2015

Таркибий ўзгаришлар ва стратегик дастурлар янги ишлаб чиқариш тармоқларини йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда

Бугунги Ўзбекистон ҳақида сўз борганда, у саноати жадал ривожланаётган қудратли давлат сифатида тилга олинади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки юртимиз қарийб чорак асрлик мустақил тараққиёти давомида қолоқ аграр республикадан замонавий ишлаб чиқариш тармоқларига эга мамлакатга айланди.

Шу давр мобайнида иқтисодиётимиз 5,5 каррадан зиёд ўсгани, унда саноатнинг улуши 25 фоизга етгани, экспортбоп ва рақобатбардош маҳсулотларнинг 60 фоиздан ортиғи юқори технологияларга асосланган соҳаларда тайёрланаётгани шундай дейишимизга асос бўла олади. Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган стратегик тараққиёт дастури, яъни жаҳон миқёсида “ўзбек модели” деб тан олинган, машҳур беш тамойилга асосланган ислоҳотлар ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётгани ушбу ютуқларимизнинг бош омилидир.

Ғурур бағишлайдиган натижалар
Юртимизда иқтисодиёт таркибий жиҳатдан ўзгартирилиб, саноат диверсификация қилинаётгани туфайли янги-янги ишлаб чиқариш тармоқларига асос солинаяпти. Хусусан, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат саноати истиқлол йилларида шаклланиб, бугунги кунда иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларидан бирига айланди. Чунончи, агар 1990 йилда республикамиз аҳолисининг озиқ-овқат товарлари, шу жумладан, дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар эвазига таъминланаяпти. Бу даврда аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,3 баробар, сут ва сут маҳсулотлари 1,6 баробар, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари 4 баробар ортганини инобатга оладиган бўлсак, қўлга киритилаётган муваффақиятлар нечоғли залворли эканлиги яққол аён бўлади. 
Табиийки, кўпчиликнинг ҳавасини келтираётган бундай натижаларга осонликча эришилгани йўқ. Бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги қувватларни ишга тушириш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирларнинг мевасидир. Пировардида ишлаб чиқариш қувватлари йил сайин ошиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилмоқда. Шу ўринда муқояса учун бир мисол: мустақилликнинг дастлабки йилларида соҳага ихтисослаштирилган корхоналар 1000 тани ташкил этган бўлса, ҳозирги пайтда уларнинг сони 10 000 дан ошди. Мазкур соҳанинг республика саноатидаги улуши эса 17 фоизга етди.
— Истиқлолнинг дастлабки йиллари республикамизда озиқ-овқат саноатининг шаклланиш даврига тўғри келган бўлса, 2000 йилдан эътиборан у ривожланишнинг ойдин йўлига чиқиб олди, — дейди Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси раисининг ўринбосари Азмиддин Қамбаров. — Буни маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробар ошгани мисолида ҳам кўриш мумкин. 2008 йилда бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида ҳам бундай барқарор ўсиш суръатлари сақланиб қолди. Аниқроғи, ўша йили юртимизда 2,5  триллион сўмликдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 2007 йилдагига нисбатан 26,2 фоиз ўсишга эришилди. Бу, ўз навбатида, халқаро экспертлар томонидан муносиб баҳоланмоқда. Айниқса, Озиқ-овқат дастуримиз, мазкур жабҳада тўпланган бой тажрибамиз БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан ривожланаётган мамлакатларга намуна сифатида тавсия этилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.

Экспорт ҳажми ошмоқда
Озиқ-овқат саноати қисқа вақт ичида иқтисодиётимизнинг кенг тармоқли соҳасига айланди. Натижада тизим корхоналари ички бозорни ёғ-мой, қандолатчилик, чуқур қайта ишланган мева-сабзавот, гўшт ва сут  маҳсулотлари, шунингдек, чанқовбосди ичимликлар билан тўлдиришда етакчи кучга айланди. Улар томонидан таклиф этилаётган истеъмол товарлари сифат кўрсаткичлари, ташқи дизайни ва нарх-навоси бўйича рақобатбардош бўлгани боис хорижда ҳам талаб катта.
Охирги 10 йилда мева шарбатлари экспорти 2, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти эса ўртача 1,5 баробар кўпайгани шундан далолатдир.
Айни пайтда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи туширилган озиқ-овқат маҳсулотлари дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатларига экспорт қилинаётир. 
Сир эмас, хўжалик юритувчи субъектларнинг барқарор фаолият кўрсатиб, ташқи бозордан мустаҳкам жой эгаллаши бевосита хом ашё билан таъминланганлик даражасига боғлиқ. Шу боис юртимизда корхоналарни кафолатли равишда хом ашё билан таъминлашга жиддий аҳамият қаратилаяпти. Эътибор қилинг, 1991 —1994 йилларда 770-820 минг тонна гўшт ва 3,4 миллион тонна сут етиштирилган бўлса, 2010 йилга келиб, 6,3 миллион тонна сабзавот, 1,5 миллион тонна гўшт, 6,2 миллион тонна сут ва 1,7 миллион тонна мева тайёрланди. Бу кўрсаткич йил сайин ортаётгани, ўз навбатида, уларни сифатли сақлаш, чуқур қайта ишлаш тизимли равишда йўлга қўйилаётгани янги савдо йўлакларини очиш имконини бераяпти. 
Гап шундаки, озиқ-овқат саноати корхоналарининг деярли барчаси Австрия, Германия, Хитой, Корея Республикаси, Болгария, Литва, Польша сингари дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларида ишлаб чиқарилган замонавий технологик ускуналар билан босқичма-босқич жиҳозланаяпти. Айтайлик, биргина жорий йилнинг дастлабки олти ойида уюшма тизимидаги 283 та корхонада 29,71 миллион АҚШ долларилик модернизация ва реконструкция ишлари бажарилди.
Самарасими? “International Beverages Tashkent” корхонасида чанқовбосди ичимлик, “Интеграл инвест” корхонасида переэтерификацияланган ёғ, “Булунғур Сандвик” ҳамда “Natural juce” корхоналарида мева-сабзавотни қайта ишлаш йўлга қўйилган бўлса, “Нестле Ўзбекистон” ва “Coca Cola Uzbekistan” корхоналарида маҳсулот тайёрлаш ҳажми оширилди. 

Замонавий корхоналар
Мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити саноатда янги уфқларни очмоқда. Негаки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган имтиёзлар йирик ишлаб чиқариш корхоналари пайдо бўлишига мустаҳкам замин ҳозирлаяпти. Бундай қулайликлардан оқилона фойдаланилгани туфайли “Ангрен шакар”, “Сиёб саховати”, “Ренесанс дизайн”, “Мармакс”, “Агромир групп”, “Голд драй фруктс”, “Гринворлд”, “Афросиёб мева”, “Тошкент сифат сут”, “Мастер деликатес”, “Теген групп”, “Тўхтаниёз ота” каби кичик корхоналар қисқа вақт ичида салоҳиятли субъектлар қаторидан жой олди. Уларнинг ёрлиғи туширилган маҳсулотларни хорижда ҳам севиб истеъмол қилинаётгани бунинг исботидир.
Мустақиллигимизнинг 24 йиллик шодиёналари арафасида тизимда яна бир замонавий корхона — “Sunny Fruit Production” масъулияти чекланган жамиятига асос солинди. Бунинг учун 5 миллиард сўмликдан зиёд инвестиция ўзлаштирилди. Ушбу сармоя ҳисобига Европа давлатларида ишлаб чиқарилган энг замонавий технологик линиялар олиб келиб ўрнатилди ҳамда умумий сиғими 200 тонналик совутқич омбори бунёд этилди. Натижада 70 нафардан зиёд ёш йигит-қизлар ишга жалб этилиб, майиз, ёнғоқ ва туршакни чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилди.
— Корхонамиз йилига 4 минг тонна қуруқ мевани қайта ишлаш қувватига эга, — дейди мазкур жамият бош директори Элёр Сайдалиев. — Бу жараёнда лазерли технологиялардан фойдаланаётганимиз туфайли маҳсулотларимизнинг сифати ниҳоятда юқори, халқаро стандартларга тўла жавоб беради. Тайёр маҳсулотни чиройли идишларга қадоқлашга ҳам алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Пировардида АҚШ ва Европанинг кўплаб давлатларидан буюртмалар олаяпмиз.
Тошкент шаҳрида иш юритаётган ушбу корхона фаолиятини келгусида янада кенгайтириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш режалаштирилган. Бундай истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида уюшма тизимидаги корхоналарнинг республикамизда тайёрланаётган озиқ-овқат маҳсулотларидаги улуши қарийб 40 фоизга етказилди.
 
Фаровонлик мезони
Республикамизда ҳар йили 100-130 турдаги янги истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилаяпти. Маҳаллийлаштириш дастури бу борада кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Хусусан, 2015 йилда ҳаётга татбиқ этилаётган 20 та шундай лойиҳа доирасида 61,7 миллиард сўмлик янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.
— Озиқ-овқат саноатида инновацион ва инвестициявий лойиҳалар ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти, — дейди уюшманинг Инвестицияларни жалб қилиш ва инновацион технологияларни жорий қилиш бўлими бошлиғи Ахтам Далиев. — Бундан кўзланган мақсад маҳсулот турини кўпайтириш ва сифатини ошириш, уларни сақлаш ва етказиб бериш тизимини такомиллаштиришдир. Шунинг учун жорий йилда 208 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилиб, 1045 та лойиҳа рўёбга чиқарилади. Натижада 10 минг 545 та янги иш ўрни ташкил этилиб, қўшимча равишда 100 минг тоннадан ортиқ маҳсулотлар тайёрлаш имконияти яратилади.
Инвестициявий лойиҳалар нафақат марказда, балки чекка ҳудудларда ҳам рўёбга чиқарилаётгани эътиборга лойиқ. Ҳудудий инвестиция дастурига кўра, 2015 йил давомида республикамизнинг олис ҳудудларида умумий қиймати 389,9 миллиард сўмлик 983 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлса, дастлабки олти ой ичида шундан 541 таси ҳаётга татбиқ этилди. Бунинг эвазига 4525 та иш ўрни яратилиб, шунча қишлоқ аҳолиси, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлиги таъминланди.
Қувонарлиси, бу борадаги ишлар жадал давом эттирилмоқда. Жумладан, 2020 йилгача бўлган даврда умумий қиймати 410,0 миллион долларлик 304 та йирик, жойларда эса 500,0 миллион долларлик 5 минг тадан зиёд ҳудудий лойиҳалар доирасида кўплаб янги ишлаб чиқариш объектлари ташкил этилади. Бу — қўшимча равишда юз минг тонналаб саноат маҳсулотлари тайёрланади, ўн минглаб янги иш ўринлари яратилади, деганидир.
Буларнинг барчаси юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш каби эзгу мақсад-муддаоларимиз рўёбига қаратилгани билан  аҳамиятлидир.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn