Деҳлида мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти тақдим этилди
  • 08 Октябрь 2015

Деҳлида мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти тақдим этилди

Яқинда Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги элчихонаси ташаббуси билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Деҳлидаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур тадбирда Ҳиндистоннинг 50 дан ортиқ корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, савдо-саноат палаталари, сайёҳлик компаниялари ҳамда иқтисодиётнинг бошқа институтлари, шунингдек, маҳаллий ОАВ вакиллари қатнашди.
Тақдимотнинг очилишида сўзлаган Ҳиндистон савдо-саноат палатаси раиси Бал Рам Саини икки давлат ўртасидаги савдо кўрсаткичлари сўнгги йилларда сезиларли равишда ўсиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
— Иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида ҳали фойдаланилмаган имкониятлар жуда кўп, — деди Бал Рам Саини. — Айниқса, тўқимачилик саноати, ахборот технологиялари, сайёҳлик ҳамда хизмат кўрсатиш сингари соҳаларда ҳиндистонлик тадбиркорларнинг Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Бу эса республикада хорижий сармоядорлар учун яратилган қулайлик ва имкониятлар самарасидир.
Тадбир меҳмонлари мамлакатимизнинг бугунги иқтисодий салоҳияти, соҳани либераллаштириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришни қонуний муҳофаза этувчи мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворнинг мавжудлиги, маҳаллий ҳамда хорижий тадбиркорларнинг эркин ва тўлақонли фаолият юритишлари учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар. Бу борада давлатнинг бош ислоҳотчилик роли ҳақида сўз юритилар экан, жорий йилнинг 15 май куни имзоланган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ҳамда унда белгиланган асосий вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, Ҳиндистон бизнес вакиллари Навоийда ташкил қилинган интермодал логистика марказининг имкониятлари, “Жиззах”, “Ангрен” махсус индустриал зоналарида хорижий сармоядорлар учун яратилган шароитлар, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Деҳлидаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда икки мамлакат ўртасида сайёҳлик алмашинувини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, Ўзбекистоннинг жуғрофий жойлашуви ва иқлимининг ўзига хос хусусиятлари, бетакрор тарихий-маданий мероси, ўзбек халқ амалий санъати ҳақидаги маълумотлар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
— Ўзбекистон Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги энг ишончли савдо-иқтисодий шерикларидан биридир, — деди “Global express multilogistics PVT. LTD” компанияси директори Шанкар Шинде “Жаҳон” АА мухбири билан суҳбатда. — Бугунги тақдимотдан сўнг биз мамлакатингизда ташкил этилган иқтисодий зоналарда хорижий сармоядорлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдик. Ҳозир Ўзбекистонда Ҳиндистон капитали иштирокида 80 дан ортиқ корхона, 20 дан зиёд ҳинд фирма ҳамда компанияларининг ваколатхоналари фаолият кўрсатаётганига қарамасдан, икки мамлакат тадбиркорлари янада кенгроқ ва самаралироқ ҳамкорлик қилишлари ҳамда давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришлари мумкин эканлиги бугун аниқ мисоллар билан кўрсатиб берилди. Ишонаманки, келгусида биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан мазкур имкониятлардан кенгроқ фойдаланамиз.

«Жаҳон» АА.
Деҳли

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn