Самарали мулоқотлар майдони
  • 08 Октябрь 2015

Самарали мулоқотлар майдони

Жорий йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади.

Иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва тубдан янгилаш бўйича белгилаб олинган устувор вазифаларнинг изчил ижроси бевосита жалб этилаётган инвестициялар ҳажмига боғлиқ. Бироқ сармоя ўз-ўзидан келавермайди. У барқарор ривожланаётган, инвесторларнинг ҳуқуқлари кафолатланган жойгагина йўналтирилади. Бу омиллар Ўзбекистонимизда мавжуд бўлиб, барчаси истиқлол йилларида қулай инвестиция муҳитини шакллантириш мақсадида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.
Дарҳақиқат, юртимизда барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва иқтисодиётни диверсификация қилишга қаратилган фаол инвестиция сиёсати юритилмоқда. Натижада инвестициялар оқими йил сайин кўпайиб бораяпти. Биргина 2014 йилда иқтисодиётимизга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 14 миллиард 600 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 10,9 фоиз ўсиш таъминланди. Шунинг 3 миллиард доллардан зиёди хорижий инвестиция ва кредитлар эканлиги диққатга сазовордир.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг ўзига хос хусусияти шундаки, бунда маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга йўналтирилган лойиҳаларга устувор аҳамият берилаяпти. Шу боис жалб қилинаётган маблағлардан унумли фойдаланилиб, улар, асосан, замонавий корхоналарни барпо этиш, инфратузилма объектларини бунёд қилиш, намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қуриш каби аниқ мақсадларга сарфланаяпти. Буларнинг самараси, энг аввало, жаҳон бозорида рақобатбардош бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилаётгани, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳоли фаровонлиги ҳамда ҳаёт сифати тобора ошиб бораётганида яққол намоён бўлаётир.
Президентимизнинг тегишли фармойишига мувофиқ, ташкил этилаётган форумдан кўзланган мақсад ҳам ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш ишларини янада жадаллаштириш, ички ҳамда ташқи бозорда рақобатбардош бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, шунингдек, Хусусийлаштириш дастурига киритилган корхоналарга чет эл инвесторларини жалб қилишдан иборатдир.
Шу ўринда айтиш жоизки, юртимизда хорижий инвесторлар, айниқса, юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантиришга тўғридан-тўғри инвестициялар сарфлаётганлар учун юксак даражада қулай шароит яратиб бериш йўлида ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Гап шундаки, ушбу ҳужжатга мувофиқ, тақдим қилинаётган имтиёзлар янги ҳамкорлар топиш, уларнинг сармояси иштирокида корхоналар барпо этиш, мавжудларини замон талабларига мос равишда техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишда қўл келаяпти.
Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, 2015 — 2016 йилларда давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, икки йил давомида иқтисодиётнинг реал сектори ва бошқа соҳаларида давлат иштирокини камайтириш, 1247 та корхона ҳамда объектни хусусийлаштириш кўзда тутилган. Шу мақсадда хорижий инвесторларни кенгроқ жалб қилишга устувор аҳамият берилаяпти.
Ташкилотчиларнинг айтишича, инвестиция форумида етакчи халқаро ташкилотлар, хорижий инвестиция компаниялари, жамғармалар, агентликлар, йирик трансмиллий компаниялар вакиллари қатнашиши кутилаётир. Уларга мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция муҳити, тақдим қилинаётган имтиёз ва преференциялар ҳақида атрофлича маълумотлар берилади. Шунингдек, хусусийлаштирилаётган объектлар тақдимотлари ҳам ўтказилади.
Хулоса ўрнида айтганда, мазкур халқаро форум чет эллик инвесторларга барқарор ривожланиб бораётган Ўзбекистонда ўз бизнес фаолиятини бошлаш, юртимиз ишбилармонлари билан тенг манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун қулай имконият яратиши билан таҳсинга сазовордир.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn