Имтиёз ва масъулият
  • 08 Октябрь 2015

Имтиёз ва масъулият

Тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва яратилаётган енгилликлар кичик бизнес вакилларининг ишбилармонлик қобилиятини юзага чиқариш, пировардида иқтисодиётимизни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Буни сўнгги йилларда ушбу соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши муттасил ўсиб бораётгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса соҳа тараққиётида навбатдаги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжат асосида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, соҳа вакиллари манфаатлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлангани ана шундан далолат беради.
Жиззахда бўлиб ўтган “2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуидаги конференция-семинарда ишбилармонларга юқоридаги ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.
Сўнгги беш йил ичида вилоятда тадбиркорлар сони 2713 тага кўпайиб, бугунги кунда 9300 дан ошгани уларнинг иқтисодиётимизда тутган ўрни тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Айни пайтда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотининг 63,8 фоизи, иш билан банд аҳолининг 80,3 фоизи,  саноат маҳсулотларининг 41,9 фоизи, қурилиш-пудрат ишларининг 92,6 фоизи мазкур соҳа вакиллари улушига тўғри келаётгани бунинг тасдиғидир.
Жорий йил бошидан буён улар фаолиятини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 248 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилгани, айтиш мумкинки, бунда мустаҳкам пойдевор бўлди.
Вилоят прокуратураси, давлат солиқ бошқармаси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот ҳамда назорат идоралари мутасаддилари иштирок этган анжуманда маърузачилар  юртимизда кичик бизнеснинг иқтисодиётимиздаги ролини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини янада кўпайтириш учун қулай шароит яратишга қаратилган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталдилар.
Тадбирда, шунингдек, янги нормаларни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этиш, назорат органлари фаолиятида қонун устуворлигига эришиш, бизнес субъектлари вакилларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида қилиниши лозим бўлган бир қатор вазифалар ҳам белгилаб олинди.
— Президентимиз Фармони ва шу асосда мамлакатимизда тадбиркорлик йўналишидаги қонунчиликнинг такомиллаштирилиши хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтириш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш борасида давлат солиқ идоралари олдига ҳам аниқ вазифаларни қўйди, — дейди Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Абдували Мустанов. — Унга мувофиқ, режали солиқ текширувлари учун белгиланган даврийлик муддатлари узайтирилди. Энди микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид режали текширувлар барча назорат органлари томонидан тўрт йилда  бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилиши лозим. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашган, уларда ноқонуний текшириш ўтказган назорат органлари мансабдор шахсларига нисбатан қўлланиладиган жавобгарлик ҳам кучайтирилди.
Тадбиркор илгари электрон рақамли имзо калитини олиш учун солиқ, статистика идоралари, банклар ва бошқа органларнинг ҳар бирига бориб, тегишли ҳужжатларни топшириши лозим эди. Эндиликда эса унга Давлат солиқ қўмитасининг “Ягона маркази” берадиган битта электрон рақамли имзо калити етарлидир.
— Бугунги анжуманда қатнашиб, ўз фаолиятимда учраб турадиган кўплаб саволларга жавоб топдим, — дейди “Жиззах пластекс” қўшма корхонаси раҳбари Асқар Иноғомов. — Айтиш керакки, берилаётган имтиёз ва яратилаётган енгилликлар, ўз навбатида, зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди. Корхонамиз фаолиятига тўхталадиган бўлсам, қулай ишбилармонлик муҳити туфайли ишлаб чиқариш салоҳиятимиз тобора ортиб бормоқда. Жорий йил охиригача маҳсулот экспортини 25 миллион АҚШ долларига етказишни мўлжаллаяпмиз. Бу ўтган йилдагига нисбатан 10 фоиз кўпдир.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда жиззахлик тадбиркорларнинг кўплаб саволларига банк, солиқ, божхона идораларининг малакали мутахассислари атрофлича жавоб бердилар.
Конференция-семинарда вилоят ҳокими С. Исмоилов сўзга чиқди.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn