Ўзбекистон — Хитой бизнес-форуми
  • 13 Март 2014

Ўзбекистон — Хитой бизнес-форуми

Пойтахтимизда Ўзбекистон — Хитой ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Хитой халқаро савдога кўмаклашиш қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг савдо, сармоя, ташқи иқтисодий алоқалар, нефть-кимё саноати, энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш, сайёҳлик ва логистика каби соҳалари учун масъул вазирлик ҳамда идоралари, компания ва концернлари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов, Хитой халқаро савдога кўмаклашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Чжан Вэй ва бошқалар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил июнь ойида Хитойга расмий ташрифи ҳамда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг 2013 йилнинг сентябрь ойида мамлакатимизга давлат ташрифи ўзаро муносабатларни янги мазмун билан бойитиб, ҳамкорлик борасидаги мавжуд имкониятларни янада кенгроқ ишга солишда муҳим омил бўлмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги алоқалар Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация асосида барча соҳаларда жадал тараққий этмоқда. Хитой Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлари орасида етакчи ўринни эгаллайди.
Ўзбекистон билан Хитой ўртасида иқтисодий соҳада энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсиб бораётир. Бу борадаги кўрсаткич 2013 йилда 4 миллиард АҚШ долларидан ошди. Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокида тузилган беш юзга яқин қўшма корхона фаолият юритмоқда. Юртимизда Хитойнинг етмишдан зиёд компанияси ваколатхонаси ишлаб турибди.
Мамлакатимиздаги қулай бизнес муҳити, хорижий сармоядорларнинг манфаатларини таъминлашга қаратилган афзалликлар ва кафолатлар тизими хитойлик ишбилармонларнинг юртимиз иқтисодиётига қизиқиши ва ишончини оширмоқда.
— Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик жадал тараққий этмоқда, — деди Хитой халқаро савдога кўмаклашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Чжан Вэй. — Ўзбекистондаги қулай сармоявий муҳит ва улкан иқтисодий имкониятлар билан бевосита танишиш, бу борадаги мавжуд салоҳиятдан тўлароқ фойдаланиш мақсадида кўплаб етакчи фирма ҳамда компанияларимиз вакиллари истиқболли лойиҳалар билан келган. Ўзаро  ҳамкорлигимиз янада равнақ топишига  ишонамиз.
Хориж сармояси иштирокида юқори технологик лойиҳаларни амалга оширишда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари муҳим аҳамият касб этмоқда. Форумда хитойлик ишбилармонларга ушбу иқтисодий зоналардаги имконият ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Анжуманда нефть-газ, кимё саноати, сайёҳлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, электр техникаси, тўқимачилик ва енгил саноат каби соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш, ҳамкорликда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Бизнес-форум якунида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан Хитой халқаро савдога кўмаклашиш қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид битим имзоланди.
Ўзбекистон ва Хитой ишбилармонларининг Кооперацион биржаси ҳам бўлиб ўтди.

Ирода УМАРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn