Кўп ўтмай, пишиқчилик мавсумида дала бошида узилган неъматларнинг бир қисми бозорга, яна бир қисми совутқичли омборга йўл олди. Адашмасам, ўшанда 120-150 тонна ҳосил қишлоқ четидаги ҳайҳотдек бинога жамғарилди. Шу десангиз, қиш келиб, то кўкламгача дастурхонимиздан ёз неъматлари узилмади. Яна худди эндигина узилгандек сархил, мазали сақланганини айтмайсизми? Бундан ташқари, Аминжон қишлоғимиз ёшларидан 15 нафарини ёнига олиб, уларни ишли қилди. Шуларни ўйласам, бир пайтлар қорли-қировли кунларда бозорларимизда бир уюм картошкаю шолғом, пиёзу турпдан бўлак айтарли ҳеч вақо сотилмагани ёдимга тушади. Ўшанда ранги-рўйи буришган, совуқда қолиб, тарашадай қотиб қолган сабзавотлар билан қора қозонимиз қайнаб турганидан хурсанд бўлардик.
Шукрки, ёруғ кунларимиз олдимизда экан. Мана, бугун ҳар қадамда дўкон, ҳар қишлоғу маҳаллада бозор. Уларнинг расталарига терилган заминимиз неъматлари турфалигини кўриб, кўзингиз қувонади.
Тунов куни набирам Ойбек бир челак олма кўтариб келди. “Бобо, жўрангиз Қодир бобо бериб юбордилар. Бултур эккан интенсив кўчатлари ҳосилга кирибди”, дейди. Хушбўй ҳиди димоғни қитиқлайдиган қирмизи олмаларни кўриб, дилим яйраб кетди. Уларни Истиқлолимиз боғларининг мевалари, дея атагим келди.
Нусрат САЙФУЛЛАЕВ,
меҳнат фахрийси.
Қизилтепа тумани