Биргина “Бебаҳо таомлар” хусусий фирмасида 10 турдаги колбаса ҳамда товуқ, курка ва мол гўштидан бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
— Истеъмолчилар учун танлаш имконияти кенгайиб бораётган ҳозирги рақобат муҳитида бозордан мустаҳкам ўрин эгаллаш осон эмас. Шуни ҳисобга олиб, маҳсулотимиз сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, — дейди фирма раҳбари Суннат Холов. — Цехни 100 миллион сўмдан зиёд маблағ ҳисобига замонавий ускуналар билан жиҳозладик. Ҳозир бу ерда кунига 150 килограмм гўшт қайта ишланмоқда. Тез орада мазкур кўрсаткич 2 тоннага етади. Маҳсулот турини кўпайтириш ҳам кўзда тутилган.
Китоб туманида ўтган йили саноат маҳсулотлари тайёрлаш ҳажми 21,5 фоиз ошиб, қарийб 68 миллиард сўмни ташкил этган эди. Бунда кичик бизнес вакиллари улуши салмоқли экани эътиборлидир.
Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.