Хусусан, хўжаликнинг Бобур ҳамда Малик участкаларида парвариш қилинаётган маккажўхори пишиб етилгач, попуги йиғиб олинади ва фармацевтика саноати талабларига мос ҳолда, буюртмачиларга етказиб берилади. Мутахассисларнинг айтишича, макка попуги ўт пуфаги, буйрак, жигар ва бошқа ички касалликларни даволашда қўлланилувчи препаратларни тайёрлашда асосий компонентлардан бири ҳисобланади. Ўрмончилар ошқовоқ, тирноқгул, наъматак, жийда, япон софорасидан ҳам ана шундай қўшимчалар олишни мўлжаллашган.
— Айни чоғда мойчечакни маданий ҳолда ўстиришни синовдан ўтказаяпмиз, — дейди вилоят ўрмон хўжалиги директори Улуғбек Сулаймонбеков. — Мазкур тажриба самарали бўлса, келгусида бу шифобахш ўсимлик майдонини кенгайтирамиз. Эътиборлиси, фаолиятимизда янги йўналишнинг жорий қилиниши туфайли қўшимча даромад олиш имконияти ҳам пайдо бўлди.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.