Соғлом рақобат, қулай муҳит
  • 07 Июль 2015

Соғлом рақобат, қулай муҳит

Юртимиз фонд бозорини янада такомиллаштиришда алоҳида аҳамиятга эга

Бозор муносабатларини чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қулай инвестиция муҳитини шакллантириш мамлакат тараққиётини белгиловчи асосий омиллардан ҳисобланади. Шу боис юртимизда бу борадаги ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таъкидлаш жоизки, ушбу жараёнда қимматли қоғозлар бозорининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Сабаби, қимматли қоғозларни очиқ-ошкора сотиш, уларга бўлган талаб ҳамда таклифларнинг ҳақиқий нисбатини аниқлаш, қисқача айтганда, қимматли қоғозларнинг эркин муомаласини йўлга қўйиш соғлом рақобатни вужудга келтирди.
Кейинги йилларда “Тошкент” Республика фонд биржаси фаолиятида ана шу талабларга қатъий риоя қилинмоқда. Бунда Президентимизнинг 2012 йил 19 мартдаги “Фонд бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир.
Шу билан бирга, ҳозирги кунда маркет-мейкерлар ва давлат бюджетидан молиялаштирилувчи ташкилотларнинг фонд биржасида амалга оширган битимлари учун комиссия тўловлари олинмаяпти. Энг муҳими, фонд биржасидаги барча савдолар фақат электрон шаклда ўтказилмоқда. Бу, ўз навбатида, савдоларни бир вақтда уюштириш баробарида, битимлар тузиш жараёнини тезлаштириш ва биржа айланмасини кўпайтириш имконини бераяпти. Пировардида жорий йилнинг олти ойида қимматли қоғозлар савдо айланмаси ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 2,2 маротаба ортиб, 80 млрд. сўмни ташкил этди. Қимматли қоғозлар билан тузилган савдо битимлари сони эса 1258 тага етди.
Маълумки, қимматли қоғозлар бозори ривожида иккиламчи фонд бозори ҳам катта аҳамиятга эга. Шунинг учун инвесторларга қимматли қоғозларни қайта сотиш ёки харид қилишнинг қулай шарт-шароитлари яратилаяпти. Бунинг самараси ўлароқ, шу давр мобайнида қимматли қоғозлар иккиламчи бозорининг умумий биржа айланмасидаги улуши 81 фоиз ёки 65 млрд. сўмга етказилди.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг март ойида кучга кирган янги таҳрирдаги “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, фонд биржасида савдолар фақат биржа листинги тартиб-таомилидан ўтган акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозлари билангина амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида республика фонд биржаси томонидан молиявий барқарор акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозларини савдоларга қўйиш ҳамда иштирокчиларни биржа листингидаги жамиятларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига оид маълумотлар билан таништиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада биржа котировкалаш варағига киритилган молиявий барқарор акциядорлик жамиятлари 143 тадан ошди. Ваҳолонки, бундан беш йил муқаддам уларнинг сони атиги 20 та эди.
Бундан ташқари, тадбиркорлар учун яратилаётган қулайлик ва енгилликлар уларнинг инвестор, яъни бўш пул маблағларини қимматли қоғозлар сотиб олишга йўналтирувчи субъект ёки фонд бозорининг профессионал қатнашчисига айланишида жуда қўл келаяпти.
Сўнгги таҳлиллар, шунингдек, аҳолининг акциядорлик жамиятлари қимматли қоғозларига ишончи ошиб бораётганлигини ҳам кўрсатмоқда. Буни фонд биржаси умумий савдо айланмасида жисмоний шахсларнинг иштироки 20 фоиз ортиб, охирги беш йил мобайнида 8,6 млрд. сўмдан 19,4 млрд. сўмга етганидан ҳам англаш мумкин.
Фонд биржасида “репо бозори” — қимматли қоғозларни гаровга қўйиш орқали пул маблағларини қарзга олиш усули тобора оммалашаётгани ҳам диққатга сазовор. У сармоядорга бошқа усулларга қараганда хавфсизлиги, яъни кам зарар кўриш имкониятини бериши билан алоҳида ажралиб туради. Шу боис ўтган даврда биржамизда 48 эмитентнинг акциялари иштирокида 85 млрд. сўмлик 342 та репо битими амалга оширилди.
Республикамиз фонд бозорида эришилаётган бундай муваффақиятлар соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қолаверса, электрон савдолар ёрдамида акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозларини бирламчи жойлаштириш ҳамда уларнинг иккиламчи бозорда эркин муомалада бўлишини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш ва уларга мавжуд имкониятлардан янада унумли фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратилаётгани самарасидир, албатта.
Бу борадаги ишлар келгусида бундан-да ривожланади. Чунки Президентимизнинг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, мамлакатимиз иқтисодиётига чет эл инвесторларига ўз маблағларини қимматли қоғозлар орқали киритиш, уларга янада эркинлик бериш каби кўплаб вазифалар белгилаб олинди. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги кунда биржамизда эркин муомаладаги валютада қимматли қоғозлар олди-сотдиси бўйича янги савдо майдончаси ташкил қилиш, савдоларда акция пакетларини лотларга бўлиш жараёнини такомиллаштириш, жисмоний шахслар ўртасида қимматли қоғозлар билан амалга ошириладиган биржа савдо битимлари тартибини янада соддалаштириш юзасидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси республикамиз фонд бозорида иштирокчиларга қулайлик яратиш баробарида, соғлом рақобат муҳитини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.


Шавкат МАМАТОВ,
«Тошкент» Республика фонд биржаси бошқаруви раиси вазифасини бажарувчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn