Шу боис айни пайтда республикамиз ҳудудларида мазкур ҳужжат мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув ва анжуманлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Кеча ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Хотин-қизлар қўмитаси ва Касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Таъкидланганидек, мазкур муҳим ҳужжат орқали хусусий мулкнинг иқтисодиётдаги ролини ошириш, ишбилармонлар олдида турган тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, тадбиркорларнинг янада эркин фаолият юритиши учун қулай ишбилармонлик муҳити яратиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Жумладан, унга мувофиқ, соҳа вакилларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг ривожи йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича тўртта муҳим йўналишли, асосан, жорий йилда амалга оширилиши назарда тутилган ўттиз учта аниқ чора-тадбирни кўзда тутувчи комплекс дастур тасдиқланди. Ушбу дастурда хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноий қонунчиликни либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш масалаларига устувор аҳамият қаратилган.
Мазкур Фармон билан тижорат банклари зиммасига бир қатор вазифалар юклатилди. Шу боис айни пайтда Ўзбекистон банк тизимида ишчанлик муҳитини янада такомиллаштириш, юқори даражадаги қулай инвестициявий иқлимни юзага келтириш, кредит ташкилотларининг шаффофлигини таъминлаш асосида тадбиркорлик фаолиятини юритиш шартларини яхшилаш, иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни 2015 — 2019 йилларда тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган сармоялар миқдорини, шу жумладан, инвестициявий мақсадлар учун узоқ муддатли кредитлаш ҳажмини 2,5 баробар кўпайтириш кўзда тутилаяпти. Биргина жорий йилнинг ўзида эса ушбу мақсадларга 22,5 триллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
Тадбирда ушбу Фармонда белгиланган вазифалар ижросининг таъминланиши кичик бизнес вакилларининг иқтисодиётимиздаги ўрнини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиши қайд этилди.
Иштирокчиларнинг ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олиш имконини берувчи бундай тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб ўтказилиши кўзда тутилган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова иштирок этди.
Д. ЖУМАБОЕВ.