Ўзбекистон — Венгрия бизнес-форуми
  • 30 Апрель 2015

Ўзбекистон — Венгрия бизнес-форуми

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Венгрия ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, экспорт-импорт, молия-банк, ёқилғи-энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат саноати, электрон маҳсулотлар ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, маркетинг, суғурта, ахборот технологиялари, кичик бизнес ва коммунал соҳалар учун масъул вазирлик ҳамда идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Маълумки, Венгрия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги энг фаол ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар барча йўналишлар, хусусан, савдо-иқтисодий соҳада жадал ривожланиб бормоқда. Бунда инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймасликка қаратилган қатор ҳукуматлараро ҳужжатлар қабул қилингани муҳим омил бўлаётир. Натижада 2014 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 63 миллион АҚШ долларидан ортди.
Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири ўринбосари Ласло Сабонинг таъкидлашича, венгриялик ишбилармонларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига бўлган қизиқиши тобора ошиб бормоқда. Мазкур тадбир эса савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларга асос солишга хизмат қилиши билан, айниқса, аҳамиятлидир.
Хорижлик ишбилармонларга бизнес юритиш учун мамлакатимизда яратилган қулай шарт-шароитлар, тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар, махсус индустриал зоналардаги имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бу эса анжуманда иштирок этган “Envisys Investment”, “Aquis IT Services”, “Fit-Food”, “HND Stahl”, “Land Bau”, “Logsol”, “Umirs Europe”, “Maxima Foods” сингари компаниялар вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Пировардида улар бизнес фаолиятини Ўзбекистон билан боғлаш ниятида эканлигини мамнуният билан изҳор этдилар.
Шу куни Ўзбекистоннинг бир қатор компания ва саноат корхоналари ҳамда Венгрия ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперация биржаси ўтказилди. Тадбир асносида эса юртимизда ишлаб чиқарилган товарлар ва кўрсатилаётган хизматлар экспорти бўйича кўплаб шартномалар имзоланди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn