Тармоқлараро кооперация ривожининг янги уфқлари
  • 30 Апрель 2015

Тармоқлараро кооперация ривожининг янги уфқлари

“Ўзэкспомарказ” мажмуида Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ҳамда Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш саноати корхоналарининг тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси иш бошлади.

У Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 13 мартдаги “2015 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, IХ Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг биринчи босқичи доирасида ташкил этилди.
Президентимиз ташаббуси билан асос солиниб, анъанавий равишда ўтказиб келинаётган мазкур йирик анжуман иқтисодиёт тармоқлари, айниқса, саноатни ривожлантиришда катта имкониятлар эшигини очиб берди. Негаки, у нафақат ҳудудий ва тармоқ ичида, балки тармоқлараро ҳамда халқаро алоқаларни такомиллаштириш, ишлаб чиқаришга хориж инвестициясини кенг жалб этиш, янги ҳамкорлар иштирокида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратмоқда. Шу маънода, ушбу тадбир, унинг очилиш маросимида таъкидланганидек, ишлаб чиқарувчи ва харидор ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини ўтаётир.
Дарҳақиқат, ярмарка саноат корхоналарига ўз маҳсулотларини кенгроқ намойиш қилиб, янги ҳамкорлар топиш, келгуси йил учун буюртмалар портфелини шакллантириш, жорий йилга мўлжалланган қўшимча шартномалар имзолаш имконини бераяпти. Шунинг учун унда иштирок этувчилар сони йил сайин кўпаймоқда. Айтайлик, ўтган йилги тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида 337 та корхона 1910 турдаги, шу жумладан, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган 90 турдаги янги маҳсулотлари билан қатнашган эди. Унга ташриф буюрган юзлаб маҳаллий корхоналар, 45 га яқин хорижий фирма ва компаниялар вакилларида ушбу рақобатбардош маҳсулотлар катта қизиқиш уйғотди. Якунда саноат кооперацияси асосида умумий қиймати 139,5 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб бериш, 64,7 миллион АҚШ долларилик маҳсулотни экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланди.
Бу йилги тадбир ҳам томонлар ўртасида узоқ муддатли алоқалар ўрнатиш, тенг манфаатли келишувларга  эришиш имконини яратиб берди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Гап шундаки, иштирокчилар сони янада кўпайиб, 390 га яқин саноат корхоналари, кўплаб кичик бизнес субъектлари ўзларининг янги маҳсулотларини тақдим этмоқда. Масалан, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси тасарруфидаги 72 корхона томонидан 420 хил маҳсулот намойиш этилаётган бўлиб, шундан 22 таси ўтган йили маҳаллийлаштирилган.
— Бугунги кунда тизим корхоналарида нафақат мавсумий пойабзаллар, балки иқтисодиётимизнинг барча соҳаси вакиллари учун махсус оёқ кийимлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, — дейди уюшма бош мутахассиси Шуҳрат Алиев. — Улар сифат кўрсаткичлари билан бемалол рақобатга кириша олади. Шунинг учун хорижда ҳам талаб ортиб бора-
япти. Бугунги ярмаркада Покистон, Ҳиндистон, Италия, Корея Республикаси каби давлатлардан келган мутахассислар билан экспорт бўйича келишув битимларини имзолаганимиз бунинг яққол тасдиғидир. Умуман, тадбир доирасида маҳсулот етказиб бериш бўйича 51 миллиард сўмлик шартномалар тузишни режалаштириб турибмиз.
Ярмарка иштирокчилари фаолияти билан яқиндан танишар экансиз, юртимизда экспортчи корхоналар сафи йил сайин кенгайиб бораётганига гувоҳ бўласиз. Мисол учун, унда “Ўзбекенгилсаноат” компанияси тизимидаги 40 та хўжалик юритувчи субъект қатнашаётган бўлса, уларнинг барчаси аллақачон экспорт амалиётига жалб этилган. “Tailor impex” масъулияти чекланган жамияти — шулардан бири. 
— Корхонамиз иш бошлаганига эндигина тўрт йил бўлди, — дейди мазкур жамият раҳбари Зулфия Шермуҳаммедова. — Аммо шу қисқа давр ичида болалар, аёллар ва эркакларнинг мавсумий либосларини, спорт кийимлари ҳамда пайпоқлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик. Улар табиий матодан, замонавий дизайн асосида тикилаётгани боис тобора харидоргир бўлиб бормоқда. Буюртмалар порфелини шакллантириш, айниқса, экспорт шартномалари тузишимизда анъанавий ўтказиб келинаётган ярмарка муҳим омил бўлмоқда.
Таъкидлаш керакки, саноат ярмаркасида иштирок этаётган корхоналарга бир қатор имтиёзлар ҳам берилган. Яъни бу ерда таклиф қилинаётган маҳсулотлар икки томонлама шартномалар асосида қўшимча тендер савдоларисиз амалга оширилади. Бундай қулайликлар ишлаб чиқарувчиларни ўз фаолиятига инновацион ишланмаларни жорий қилиш эвазига янги маҳсулотлар тайёрлашга руҳлантирмоқда. Бу борадаги изланишлар самарасидан эса биринчилардан бўлиб ярмаркага ташриф буюрганлар хабардор бўлишади.
Бу йилги тадбир ҳам ана шундай янгиликларга бойлиги билан эътиборга лойиқ. Айниқса, “Олмалиқ металл конструкция” масъулияти чекланган жамиятида яратилган пайвандлаш аппарати кўпчиликнинг диққатини тортмоқда.
— Мазкур ускунанинг турдошларидан фарқли жиҳати шундаки, унинг ишлаши учун фақат сувнинг ўзи етарли, кислород ва бошқа моддалар талаб қилинмайди, — дейди ушбу корхона муҳандис-конструктори Абдушукур Иманов. — Қолаверса, ҳажми кичик бўлгани боис уни ишлатиш ҳам қулай. Экологик жиҳатдан эса мутлақо безарар. Унинг ёрдамида металларни кесиш ҳам, пайвандлаш ҳам мумкин. Шунинг учун бу маҳсулотимизга коммунал соҳа вакиллари, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш корхоналари катта қизиқиш билдираяпти.
Тадбирнинг уч кун фаолият кўрсатиши, унинг доирасида долзарб мавзуларда семинарлар, турли тақдимотлар ўтказилиши иштирокчиларга иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ютуқлари билан яқиндан танишиш, йирик саноат корхоналарининг илғор тажрибаларини ўрганиш учун қулай фурсатдир.

С. РАҲМОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn