«Буюк Ипак йўлидаги Ўзбекистон»
  • 23 Апрель 2015

«Буюк Ипак йўлидаги Ўзбекистон»

Мадридда юртимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишлаб ўтказилган тақдимот маросими ана шундай номланди.
Ўзбекистон Республикасининг Испаниядаги элчихонаси томонидан мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган “Dolores Travel Services” ҳамда маҳаллий “CATAI” сайёҳлик операторлари билан ўзаро ҳамкорликда ташкил қилинган мазкур тадбирда Испаниянинг қатор сайёҳлик компаниялари вакиллари қатнашди.

Тақдимот чоғида ўзбек халқининг ноёб тарихий-маданий мероси ҳамда урф-одат ва анъаналари, мамлакатимизнинг бой табиий ва сайёҳлик имкониятлари мулоқотларнинг асосий мавзуси бўлди.
Республикамиз сайёҳлик салоҳиятини янада ривожлантириш ҳамда ноёб меъморий ёдгорликларни таъмирлаш юзасидан Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола қилинди.
Тақдимот маросимида сўзга чиққан “CATAI” сайёҳлик компаниясининг савдо ишлари бўйича директори Эстер Гонсалес Ўзбекистон миллий анъана ва изчил ривожланиш бири-бири билан уйғунлашиб кетган мамлакат ҳисобланишини қайд этди. Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда Шаҳрисабз сингари шаҳарлардаги кўпгина тарихий-меъморий ёдгорликлар ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилгани, бу эса республиканинг жаҳон сайёҳлик бозорида  катта обрў-эътиборга эга эканлигидан далолат беришини алоҳида таъкидлади. 
— Ўзбекистон цивилизациялар бешиги ҳисобланади, — деди “Irbis Viajes” сайёҳлик компанияси вакили Луис Мартинес. — Ўзбек халқининг очиқкўнгиллиги ва меҳмондўстлиги мамлакатингизга келган сайёҳларда унутилмас таассуротлар  қолдирмоқда. Ўтган йили БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси Самарқандда муваффақиятли ўтгани ҳам Ўзбекистоннинг сайёҳлик соҳасидаги салмоқли ютуқларининг алоҳида эътирофи бўлди.
Ўз навбатида, “Apetece Viajar” компанияси директори Палома де Леон ўзбек халқининг маданияти, миллий ошхонаси ва кўп асрлик анъаналари жаҳон сайёҳларининг эътиборини жалб қилаётган омиллардан саналишини айтди. У ўзи раҳбарлик қилаётган фирма томонидан Ўзбекистон бўйлаб уюштириладиган саёҳатларда испаниялик сайёҳларнинг сонини ошириш режалаштирилаётганини ҳам маълум қилди.

«Жаҳон» АА.
Мадрид

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn