Тадқиқот ва тараққиёт
  • 23 Апрель 2015

Тадқиқот ва тараққиёт

Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасини ўтказиш анъанага айланди.

Бу эса бевосита тадқиқотчилар ҳамда ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, энг сўнгги ихтироларни иқтисодиётимизнинг турли тармоқларига жадал татбиқ қилишда катта аҳамият касб этмоқда.
Жиззах шаҳрида ҳам ана шу нуфузли тадбирга тайёргарлик доирасида ҳудудий ярмарка ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Жиззах вилояти ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази томонидан уюштирилган мазкур тадбирда Тошкент, Самарқанд ҳамда Жиззахдаги олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот институтлари олимлари ва ёш тадқиқотчилар томонидан 170 дан зиёд илмий ишланмалар намойиш қилинди.
Жумладан, муқобил энергия қурилмалари, ахборот-коммуникация технологиялари, нанотехнологиялар ҳамда атроф-муҳит муҳофазасига хизмат қилувчи ишланмалар афзалликлари хусусида иштирокчиларга атрофлича маълумот берилди.
Масалан, Жиззах политехника институти олимлари яратган шамол ёрдамида энергия ишлаб чиқарувчи ускуна кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу ихтиро чўл ва тоғ шароитида ҳам фойдаланишга қулайлиги боис, айниқса, чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари мутасаддиларига манзур бўлди.
Шунингдек, ярмарка доирасида “Жиззах” махсус индустриал зонасида фаолият бошлаган янги корхоналарда тайёрланаётган маҳсулотлар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Якунда турли илмий тадқиқот муассасалари, фермерлар ва тадбиркорлар ўртасида ўнга яқин шартномалар имзоланди.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn