Тежаб қолинган маблағ
  • 15 Апрель 2015

Тежаб қолинган маблағ

ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратишга йўналтирилмоқда

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда соҳа равнақи учун қулай сармоявий муҳит яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Айни чоғда солиқ тўловчилар зиммасига тушадиган солиқ юки босқичма-босқич камайтириб борилаяпти. Бунда 2014 йил 4 декабрда қабул қилинган “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Чунончи, жорий йилда фойда солиғи 2014 йилдагидан 0,5 фоиз камайтирилиб, 7,5 фоиз этиб белгиланди. Ваҳолонки, 2005 йилда бу кўрсаткич 15 фоизни ташкил этарди. Кичик бизнес субъектлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилди. Табиийки, бу каби енгилликлар микрофирма ва кичик корхоналар, фермер хўжаликларига қатор қулайликлар яратмоқда. Буни Жондор туманидаги “Шижоаттекстилмаш” МЧЖ фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Сочиқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйган мазкур корхона ўтган йили 2009 йил 28 январда қабул қилинган “Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор асосида ягона солиқ тўлови бўйича имтиёздан фойдаланди. Натижада 398 миллион сўм маблағ корхона ихтиёрида қолди. Бу маблағдан тадбиркорлар оқилона фойдаланиб, уни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги технологик жиҳозлар сотиб олишга йўналтирдилар. Пировардида корхонада 52 та иш ўрни яратилди.
Яна бир мисол. Бухоро туманидаги “Ростексстрой” қўшма корхонаси маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини йил сайин ошириб бораётган тадбиркорлик субъектларидан бири саналади. Бунда корхона ишбилармонларига солиқ борасида яратилган имтиёзлар қўл келаяпти. Бултур айнан шунинг эвазига корхона ҳисобида 111 миллион сўм маблағ қолди ҳамда ушбу сармоя ишлаб чиқаришни кенгайтиришга йўналтирилди. Натижада ўндан зиёд қўшимча иш ўрни юзага келди. Кичик бизнес субъектларига солиқ тўлови борасида яратилаётган енгилликлар аҳоли турмуш даражасининг янада ошишига хизмат қилмоқда.
Маълумот тариқасида айтиш ўринлики, жорий йилда солиқ тўлови борасида яратилган имтиёзлар ҳамда бошқа қулайликлар туфайли вилоятимиз солиқ тўловчилари ихтиёрида 28 миллиард сўмдан зиёд маблағ қолиши кутилмоқда.


Меҳриддин СУЛТОНОВ,
Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn