Аҳоли фаровонлигини таъминлаш — пировард мақсад
  • 14 Апрель 2015

Аҳоли фаровонлигини таъминлаш — пировард мақсад

Ҳар куни мамлакатимизда улкан бунёдкорлик ишлари рўёбга чиқарилаётгани туфайли янги корхоналар, замонавий тураржойлар, коллежу мактаблар бинолари, инфратузилма объектлари қад ростламоқда. Натижада аҳолининг даромадлари ортиб, халқимизнинг яшаш тарзи тобора яхшиланиб бораяпти. Буларнинг барчаси Юртбошимиз томонидан узоқни ўйлаб, иқтисодиётимизнинг барча соҳасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.

Таъкидлаш керакки, бу жараёнда банкларнинг молиявий мадади салмоқли бўлмоқда. Хусусан, Давлат-тижорат Халқ банки томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 218,7 миллиард сўмлик кредитлар ажратилган бўлса, унинг асосий қисмини микрокредитлар ташкил этди. Натижада 1,5 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди.
Йил якунига қадар эса бундай субъектларни янада ривожлантириш учун қўшимча 787,5 миллиард сўмликдан зиёд сармоя ажратиш ва шунинг ҳисобидан 13 мингдан ортиқ янги иш ўрни очиш режалаштирилгани диққатга сазовордир.
Мазкур молия муассасаси, шунингдек, оилавий тадбиркорликни тараққий эттириш орқали чекка ва олис ҳудудларда яшовчи фуқароларни иш билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик ҳамда иссиқхона хўжалигини йўлга қўйиш учун ўтган уч ой ичида 10 миллиард 150 миллион сўмдан зиёд кредитлар ажратилди. 
— Халқ банки кўмагида оилавий бизнесимиз юришиб кетди, — дейди Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида яшовчи Сардорбек Матниёзов. — Биз, асосан, паррандачилик билан шуғулланаяпмиз. Бир жўжа 45 кунда 2-2,5 килограмм гўшт беришини ҳисобга олсак, харажатларни қоплашдан ташқари, 3-4 миллион сўм фойда олиш имкониятига эгамиз. Бу, албатта, ишбилармонлар учун давлатимиз томонидан зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётгани шарофатидир.  
Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги “Азамат” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Хуршида Яхшибоева ҳам Халқ банкининг туман бўлимидан берилган 7 миллион 500 минг сўм миқдоридаги кредит эвазига зотдор қорамоллар сотиб олиб, уларни зооветеринария қоидалари асосида парваришлаган ҳолда, ички бозорга гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб бермоқда.
Шу билан бирга, Давлат-тижорат Халқ банки  томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка кенг жалб этиш учун январь — март ойларида 3172,8 миллион сўмликдан кўпроқ сармоя йўналтирилгани натижасида  400 га яқин йигит-қиз ишли бўлгани ҳам таҳсинга лойиқ.
— Ёшлигимдан миллий ва замонавий дизайндаги аёллар либосларини тикишга қизиқар эдим, — дейди Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Анора Муқимова. — Шу боис туманимиздаги уй-жой-коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежида мазкур йўналиш бўйича таҳсил олдим. Ўз бизнесимни бошлашим учун Халқ банкининг молиявий кўмагида замонавий тикув машинасини харид қилдим. Ҳозирги кунда бизнинг либосларимизга харидорлар тобора кўпаймоқда. Шуни инобатга олиб, яна Халқ банки кредити ҳисобидан фаолиятимизни кенгайтиришни мўлжаллаб турибмиз.
Хулоса ўрнида айтганда, Халқ банки аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришга устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратмоқда. Бу эса кутилган самараларни бераётир.


Банк матбуот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn