Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар юртимизда ишлаб чиқарувчилар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, хусусан, уларнинг ўз маҳсулотларини ички ва ташқи бозорда сотишига амалий кўмак берилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Қолаверса, ушбу кўргазма йирик саноат корхоналари билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тузилмалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши эътироф этилди.
— Ярмарка биз учун ҳақиқий бозор вазифасини ўтади, — дейди Булунғур туманидаги “Афросиёб мева” қўшма корхонаси муҳандиси Асадулла Давлатов. — Корхонамиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган. Тадбир давомида ўндан зиёд ташкилотлар билан маҳсулотларимизни етказиб бериш юзасидан манфаатли шартномалар имзоладик.
Кўргазмага қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари, қурилиш материаллари, эҳтиёт қисмлар, хом ашё ва бутловчи буюмлар, спорт ҳамда тиббиёт жиҳозлари, кийим-кечаклар, гилам ва мебеллар, ўқув- лаборатория асбоблари ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
— Саноат ярмаркасида илк бор иштирок этдик, — дейди “Пахтачи мебель” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдузоҳид Тошев. — Асосан, юмшоқ мебеллар ҳамда замонавий эшик-ромлар каби 50 дан зиёд турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз. Ўтган йили 131 миллион сўмлик буюртмаларни бажардик. Ушбу тадбирда мижозларимиз сафини кенгайтиришга муваффақ бўлдик. Якунда умумий қиймати 150 миллион сўмлик мебель жиҳозлари етказиб бериш бўйича келишувга эришдик.
Анъанага айланган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида тижорат банклари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси ҳамда бошқа бир қатор мутасадди идоралар мутахассислари тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳатлар берди.
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.