Савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда
  • 03 Апрель 2015

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда

Пойтахтимизда 2 апрель куни Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармонлари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг савдо, сармоя, банк-молия, саноат, автомобилсозлик, нефть-кимё, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат саноати, машина ва тоғ-кон ускуналари ишлаб чиқариш, суғурта, экспорт-импорт каби соҳалар учун масъул вазирлик ҳамда идоралари, компания ва концернлари вакиллари қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча жабҳада, жумладан, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда муттасил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Мамлакатларимиз катта иқтисодий салоҳият ва имкониятларга эга. Бу борада икки давлат ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Савдо-саноат, сармоя, нефть-газ, кончилик, машинасозлик, тўқимачилик, логистика, кимё саноати, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари, таълим, соғлиқни сақлаш каби кўплаб соҳалар бўйича ҳамкорликка оид битимлар имзоланган.
Ўзаро инвестиция ҳамкорлиги кўлами ҳам мунтазам равишда кенгаймоқда. Жанубий кореялик ишбилармонлар Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдираяпти, мамлакатимизга инвестиция киритиб, қўшма корхоналар ташкил этаётир. Айни пайтда Ўзбекистонда -Жанубий Корея ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тўрт юздан зиёд корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Корея Республикасининг 80 та компанияси мамлакатимизда ўз ваколатхонасини очган. Улар савдо, тўқимачилик ва енгил саноат, тоғ-кон металлургияси, кимё ва озиқ-овқат саноати, машинасозлик, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда иш юритаяпти.
Ўзбекистон Жанубий Кореяга озиқ-овқат маҳсулотлари, машина ва ускуналар, минерал -ўғитлар, кимё маҳсулотлари экспорт қилади, транспорт, коммуникация ва сайёҳлик хизматлари кўрсатади. Жанубий Кореядан мамлакатимизга механик ва электрон ускуналар, -пластмасса ҳамда пластмассадан тайёрланган маҳсулотлар, қора металл импорт қилинади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, қулай сармоявий муҳит, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун яратилган имкониятлар, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналаридаги қулайликлар ва имтиёзлар хусусида сўз юритилди. Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармонлари ҳамкорлигида иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ижроси, шунингдек, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
— Ўзбекистон Жанубий Кореянинг муҳим ва ишончли ҳамкорларидандир, — дейди Корея Республикаси Кёнгнам провинцияси ҳукуматининг халқаро алоқалар ва савдо бўйича бошқарувчиси Ким Тей Хи. — Мазкур тадбирда иштирок этган Жанубий Корея компаниялари Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирмоқда. Ўзбекистон — табиий ресурслар ва юқори малакали мутахассисларга бой, улкан иқтисодий ва сармоявий салоҳиятга эга мамлакат. Бу омил Жанубий Корея — Ўзбекистон савдо-иқтисодий алоқаларининг янада равнақ топишига катта ҳисса қўшмоқда.
Кооперацион биржада Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Жанубий Корея ишбилармонлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, иқтисодиётнинг турли йўналишларида бизнес алоқаларини кенгайтириш, савдо ҳамда саноат соҳаларида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олдилар.

 

Ирода УМАРОВА,
ЎзА мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn