Электрон тижорат — бизнес самарадорлигининг муҳим кафолати
  • 03 Апрель 2015

Электрон тижорат — бизнес самарадорлигининг муҳим кафолати

Жадал ўзгараётган замонавий бозор шароитида компаниялар рақобатдошлиги, кўп жиҳатдан, ахборот тизимларининг қулайлиги, алоқа ва маълумот узатиш имкониятларига асосланаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Бинобарин, мамлакатимизда электрон тижоратни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқдаки, бу масофани қисқартириш, вақтни тежаш ҳамда иш самарадорлигини оширишда айни муддаодир. Хусусан, бугунги кунда банк хизматлари, электрон тўловларнинг янги турлари ҳаётга татбиқ этилаяпти, тўлов амалиёти соддалаштирилаётир.
Буларнинг барчаси, жумладан, ахборот технологиялари тараққиётининг ҳозирги босқичи соҳага оид ҳуқуқий пойдеворни янада такомиллаштиришни тақозо қилмоқда. Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси янги таҳрирда кўриб чиқилаётганининг боиси ҳам шунда. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти ҳақида қуйи палатанинг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Улуғбек САМАТОВ мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди:
— Юртимизда электрон тижорат жабҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган. Жумладан, “Ахборотлаштириш тўғрисида”, “Электрон тўловлар тўғрисида”, “Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”, “Электрон тижорат тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилинган.
Шу асосда электрон банк ҳужжат айланиши, электрон пластик карточкалар каби тизимлар амалиётга изчил жорий этилаяпти. Уларнинг афзалликлари эса ҳамюртларимиз томонидан муносиб баҳоланмоқда.
Мазкур қулайликлар кўмагида хўжалик субъектлари билан фуқаролар ўртасида тижорат амалиётлари тезкор ва самарали бажарилаётир, буюртмачилар билан товар етказиб -берувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда. Шундай экан, шубҳасиз, тадбиркорлар замонавий ахборот-коммуникация хизматлари ёрдамида дунёнинг исталган давлатидан ҳамкор топиши, ўз имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқариши мумкин. Шу ўринда ҳозирги вақтда мамлакатимизда юздан ортиқ тижорат -майдонларида 700 дан зиёд брокерлик идоралари биржа савдоларини электрон тарзда ҳам амалга ошираётганини алоҳида қайд этиш лозим.
“Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг янги таҳрири ушбу йўналишни янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. У тадбиркорликни янада тараққий топтириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун қўшимча шароитлар яратиб бериш, шунингдек, халқаро стандартларга мос технологик бозор инфратузилмасини -ташкил этишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасида тижорий таклифлар, электрон тижорат келишувлари ва шартномалари ижроси билан боғлиқ ҳисоб фактуралари ҳамда бошқа ҳужжатларни нафақат қоғозда, балки электрон шаклда ҳам расмийлаштиришга доир норма назарда тутилаяпти. Бу эса электрон битимларни расмийлаштириш ва уларни амалга ошириш таомилларини осонлаштиради, тижорат амалиётлари шаффофлигини оширади, товар ҳамда хизматлар сотиб олувчиларга тегишли нархлар, сифат ва етказиб бериш шартлари ҳақидаги -маълумотларни зудлик билан олишлари учун шароит яратади.   
Яна бир янгилик шуки, бу электрон тижорат субъектларига электрон битимлар тузиш хизматларини тақдим этадиган ахборот воситачилари таркибини кенгайтириш билан боғлиқ. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида электрон тижоратнинг ахборот хавфсизлиги ҳамда унинг иштирокчиларига тегишли шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш таъминланиши масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши кичик бизнес вакилларининг ички ва ташқи бозорда янада кучли рақобатдош бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Ўз навбатида, давлат органлари ҳамда хўжалик субъектлари фаолиятида ахборот технологияларини қўллаш, улар томонидан харид амалиётларини электрон шаклда амалга ошириш имкониятларини кенгайтиради.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш доирасида у давлат бошқарувининг турли бўғинлари, фуқаролик жамияти институтларида батафсил таҳлил қилинмоқда. Чунончи, жамоатчилик муҳокамасини таъминлаш, сифатини ошириш мақсадида “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг янги таҳрири Қонунчилик палатаси расмий веб-сайтига жойлаштирилди. Шулар қаторида экспертлар билан биргаликда тадбирлар ўтказилди. Март ойида пойтахтимизда бўлиб ўтган “Банк хизматлари, ускуналари ва технологиялари — BankExpo — 2015” VIII миллий кўргазмаси доирасида ҳам юқоридаги ҳуқуқий ҳужжат муҳокамаси ташкил этилган эди. Бунинг самараси ўлароқ тегишли ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида соҳа экспертлари, мутахассислар, олимлар ва электрон амалиётчилар томонидан мазкур ҳуқуқий ҳужжатни янада маромига етказиш бўйича 120 дан зиёд таклифлар келиб тушди.

«Халқ сўзи» мухбири
Саиджон МАХСУМОВ
ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn