Илғор технологиялар ва экспорт салоҳияти
  • 20 Февраль 2015

Илғор технологиялар ва экспорт салоҳияти

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг енгил саноат тармоғини янада ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини бераяпти.

Бунда пахтани қайта ишлаш ҳамда трикотаж маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларни модернизация қилиш, қулай инвестиция муҳити яратиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар муҳим ўрин тутмоқда. Пировардида ҳудудлар ишлаб чиқариш салоҳияти юксалиши баробарида, янги-янги иш ўринлари вужудга келаётир.
Кейинги йилларда Навоий шаҳрида ҳам мазкур йўналишда қатор истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Navbahor tekstil” хорижий корхонаси фаолияти бунга мисол бўла олади. Ўтган йили 11 миллиард сўмлик сармоя ҳамда тижорат банкининг 1 миллиард сўмликдан ортиқ имтиёзли кредити ҳисобидан ташкил этилган мазкур ишлаб чиқариш субъектида бугун 200 нафардан зиёд ишчи-мутахассислар, хусусан, коллежларнинг салкам 40 нафар битирувчилари меҳнат қилаяпти.
— Янги қувватлар ишга туширилгач, юқори сифатли калава ип тайёрлашни йўлга қўйдик, — дейди корхона раҳбари Шерзод Жумаев. — Бунинг учун Швейцариянинг дунёга машҳур “Rieter” компаниясидан 2 миллион 45 минг АҚШ долларилик илғор технологиялар келтирилди. Натижада йилига 5400 тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқариш ва тўлиқ хорижга сотиш имконияти пайдо бўлди. Ҳозир ана шу замонавий дастгоҳларни маҳаллий йигит-қизлар моҳирлик билан бошқармоқда.
Айни пайтда корхона мутасаддилари ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ҳамда экспорт жуғрофиясини кенгайтириш чораларини кўришаётир.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn