Амалий ишлар таҳлили ва истиқболли режалар
  • 04 Февраль 2015

Амалий ишлар таҳлили ва истиқболли режалар

АНДИЖОН. Вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов бошқарган йиғилишда ўтган йили ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўсиш суръатлари таъминлангани қайд этилди. Ялпи ҳудудий маҳсулот 8,3 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5,5, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 7,9, қурилиш ишлари 11, чакана савдо айланмаси 14, аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш 13,5 фоиз ошди.

Ҳисобот даврида 2013 — 2015 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, 3 минг 720 та лойиҳа амалга оширилиб, қарийб 357,8 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди. Натижада 34 мингдан зиёд иш ўринлари яратилди. Айни чоғда янги корхоналарни ташкил этиш, мавжудларини модернизация қилиш ва кенгайтириш ҳисобига 741 ишлаб чиқариш қуввати фойдаланишга топширилди.
Йил давомида вилоятда 1860 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг умумий сони 22 минг 802 тага етди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига банклар томонидан 611,9 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Бундай юксак эътибор туфайли соҳада 71 мингдан зиёд иш ўринлари ташкил этилди.
Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, айрим соҳаларда мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Вилоят фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.

С. ШУКУРОВ.

СУРХОНДАРЁ. Вилоят ҳокими Т. Мамараимов бошқарган фаоллар йиғилишида таъкидланганидек, 2014 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 9,3 фоиз ошди. Саноат маҳсулотлари ҳажми 11,5, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 13,6, қурилиш-пудрат ишлари 16,1 фоиз ўсди.
Ҳудудий инвестиция дастури доирасида барча манбалар ҳисобидан 19 миллиард 508 миллион сўм қийматидаги маблағ эвазига 14 та янги объект ишга туширилди. Қиймати 142,3 миллиард сўм бўлган 455 та саноат корхонаси ташкил этилиши ҳисобига 9 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасида 450 та субъект фаолияти йўлга қўйилди. 
Йиғилишда ўтган йилда воҳада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилгани айтиб ўтилди. Яъни  1034 та кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 11 мингдан ошди. Мазкур соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 424 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Бундай амалий ишлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 74,5 фоизга етди.
Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан кўрилган комплекс чора-тадбирлар туфайли 66 минг 418 та иш ўрни яратилди. Касб-ҳунар коллежларининг 41 минг нафардан зиёд битирувчилари иш жойига эга бўлди.
Ҳисобот даврида йўл қўйилган айрим камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Н. ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ. Нукус шаҳрида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Ерниязов бошқарди. Унда бугунги кунда иқтисодиётнинг барча тармоқ ва соҳаси жадал ривожланиб бораётгани эътироф этилди. Хусусан, ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот 8,4 фоиз ўсди.
Ҳудудий саноат салоҳиятини ошириш дастури доирасида 6,3 миллион АҚШ доллари ҳамда 66,5 миллиард сўмлик инвестиция жалб этилиб, 321 кичик корхона фойдаланишга топширилди. Саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар 1,3 триллион сўмликни, халқ истеъмоли моллари эса 529,2 миллиард сўмни ташкил этди.
Ўтган йили кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни  ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу даврда 5327 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектига 364 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди.
Бандлик дастури асосида 50 мингдан зиёд иш ўринлари яратилиб, касб-ҳунар коллежларининг 24 минг нафардан зиёд битирувчилари иш билан таъминланди.
Йиғилишда йўл қўйилган айрим камчиликлар, жумладан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш ишлари мавжуд имконият даражасида эмаслиги танқид қилинди.
Фаоллар йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

Ҳ. АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

СИРДАРЁ. Бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида вилоят ҳокими О. Ашурматов қайд этганидек, ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот 2013 йилдагига нисбатан 7 фоиз ўсди. Бу борада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор муҳим омил бўлди. Банк кредитлари эвазига бир минг 471 лойиҳа муваффақиятли амалга оширилиб, 16 мингга яқин иш ўринлари яратилди.
Ҳисобот даврида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш мақсадида барча манба ҳисобидан 45 та ичимлик суви иншооти, 14 та умумтаълим мактаби, 6 та касб-ҳунар коллежи, 2 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 6 та болалар спорти иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Йиғилишда айрим туман ва корхоналар фаолияти танқидий баҳоланди. Хусусан,  Боёвут, Ховос туманларида саноатни ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳаларни бажаришда сусткашликка йўл қўйилгани, Гулистон шаҳри ва Сайхунобод туманида иш ўринлари ташкил этишнинг мавжуд ҳолати имкониятлар даражасида эмаслиги айтиб ўтилди.
Фаоллар йиғилишда йўл қўйилган камчиликларни, хусусан, тадбиркорларга бино ва ер участкаларини ижарага бериш, банк кредитлари ажратиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, жорий йилга мўлжалланган лойиҳалар ўз муддатида бажарилишини таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

А. ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Сув янада шаффоф бўлади Меҳнат ярмаркаси »