Юқори натижалар гарови
  • 19 Февраль 2014

Юқори натижалар гарови

Бугунги кунда иқтисодиётимизнинг барча тармоқларида юқори ўсиш суръатлари кузатилаётгани, табиийки, ички ва ташқи бозор учун рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи янги қувватларни ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш, инвестицияларнинг изчил жалб этилаётгани билан бевосита боғлиқдир.

Айтайлик, Хоразм вилоятида ўтган йили саноат, хизматлар кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳалари бўйича 147 миллион АҚШ долларилик 1576 та лойиҳа амалга оширилгани шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Таъкидлаш жоизки, воҳадаги бу каби янгиланишлар жараёни Президентимизнинг 2012 йил 22 ноябрдаги “2013 — 2015 йилларда Хоразм вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қароридан сўнг янги босқичга кўтарилди. Негаки, мазкур ҳужжатда вилоят иқтисодиётини юксалтиришга доир устувор вазифалар белгилаб берилдики, уларнинг ижроси эндиликда ўз натижасини бермоқда.
Урганч шаҳридаги “Darital shoes” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти бунга мисол бўла олади. Гап шундаки, махсус оёқ кийимлари, эркаклар ва ўсмирлар пойабзаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган мазкур корхонада хорижникидан қолишмайдиган сифатли маҳсулотлар тайёрланиб, ички ва ташқи бозорга пешма-пеш етказиб берилмоқда. Мавжуд цехлар энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, улар ёрдамида йилига 100 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда меҳнат қилаётган 60 нафардан зиёд ёш мутахассислар томонидан бозор талабларидан келиб чиқиб, ўтган йили  36 минг жуфт, 1 миллиард 500 миллион сўмлик пойабзал тайёрланган бўлса, шундан 33 минг АҚШ долларилик маҳсулот хорижлик харидорларга сотилди.
Жамоанинг бундай ижобий натижага эришишида корхонада босқичма-босқич амалга оширилаётган модернизациялаш тадбирлари, айниқса, қўл келмоқда. Масалан, 2009 йилнинг июль ойида иш бошлаган корхонада шу кунгача 400 минг АҚШ доллари ва 320 миллион сўм миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди. Ушбу маблағга эса янги дастгоҳ ва бутловчи қисмлар харид қилинди, бўш турган бинолар қайта таъмирланиб, жойларда савдо марказлари барпо этилди.
Яна бир эътиборли жиҳати, маҳсулот ишлаб чиқаришда тўлиқ ўзимизнинг табиий чармдан фойдаланилади. Бу эса, ўз навбатида, маҳсулотнинг сифатли ва арзон бўлишини таъминлаяпти.
Ҳозирги кунда Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятнинг учта туманида корхонанинг савдо дўконлари ишлаб турибди.
Қисқаси, жамоа фаолиятида янгиликка  интилиш ва ташаббускорлик ўз натижасини кўрсатмоқда. Демак,  келгусида улар қўлга киритадиган ютуқлар янада кўпаяди.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn