Қайта ишлашдан катта даромад
  • 19 Февраль 2014

Қайта ишлашдан катта даромад

Тўрткўллик тадбиркор Аҳмаджон Отажонов иккиламчи хом ашёни қайта ишлаб, салмоқли даромад олмоқда.

— Хориждан 137 минг АҚШ долларилик замонавий технологияни келтириб ўрнатгач, гиламдўзлик ва тикувчилик корхоналарида чиқитга чиқариладиган иккиламчи хом ашёдан сунъий кигиз ва ватина тайёрлашни ўзлаштирдик, — дейди “Марфа-Шерзод” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А. Отажонов. — Кўп ўтмай, буюртмачиларимизга дастлабки 150 миллион сўмлик маҳсулот етказиб беришга эришдик.
Айни пайтда тадбиркор 210 миллион сўмлик яна бир илғор ускунани ўрнатиш ҳаракатида. Йигирмата иш ўрни ташкил этиш имконини берувчи мазкур лойиҳа полипропилен қоп ишлаб чиқаришга мўлжалланган.     

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Интернет орқали рўйхатдан ўтади
Жорий йилдан бошлаб Гулистон шаҳрида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш интернет тармоғи орқали ҳам амалга ошириладиган бўлди.
Бунинг учун шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциясига ариза-хабарнома ва бошқа зарур ҳужжатлар электрон тарзда тақдим этилиши лозим. Мазкур жараёнда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)дан фойдаланилади.
— Электрон  хизматнинг афзалликлари кўп, — дейди Гулистон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси бошлиғи Баҳодир Ибодуллаев. — Бунга кўра, тақдим этилган ариза инспекцияга келиб тушгач, тадбиркорлик субъектининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома электрон имзодан фойдаланилган ҳолда яна шу тарзда ҳужжат эгасига етказилади. Айни чоғда реал вақт режимида тадбиркорлик субъектларига солиқ тўловчининг идентификация рақами, корхона ва ташкилотларни тасдиқловчи махсус код берилишини ҳам тегишли идоравий сайтлар орқали амалга ошириш имконияти яратилди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Илғор технологиялар асосида
Ўтган йили Бухоро вилоятида юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, корхоналарни модернизациялаш юмушларига 44,9 миллиард сўмлик хорижий сармоя йўналтирилди. Бу  юртимизда қулай инвестиция муҳити яратилгани самараси, албатта.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида аҳоли тиғиз яшайдиган Бухоро тумани саноат харитасида яна бир ишлаб чиқариш субъекти — хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилган “Бухоро-Шиньжон” қўшма корхонаси фаолият бошлади. Трикотаж полотноси ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган мазкур тармоқни замонавий технологик линия билан жиҳозлашда чет эллик сармоядорлар томонидан киритилган 627 миллион сўмлик инвестиция қўл келди. Йилига 300 тонна газлама ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу қўшма корхона шарофати билан йигирма нафар маҳаллий йигит-қиз муқим иш ўрнига эга бўлди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Янги маҳсулот ўзлаштирилди
Андижон шаҳрида фаолият кўрсатувчи “Metin asbest” оилавий корхонаси мамлакатимизда биринчи бўлиб асбестдан тирқишларни беркитувчи қоплама (сальник) ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Бундай маҳсулот ҳозирга қадар чет элдан келтириларди. Уни тайёрлаш учун корхона муҳандиси Тоҳиржон Тожибоев изланишлари натижасида махсус дастгоҳ яратилди. Шу билан бирга, хориждан ҳам айрим ускуналар олиб келинди.
— Сальниклардан саноатда кенг фойдаланилади, — дейди корхона директори Рустамжон Исмоилов. — Калава ипдан тайёрланадиганлари эса сув насослари тирқишларини ёпишда қўлланилади. Ҳар икки турдаги сальниклар ёқилғи-мойлаш материалларини ўтказмайди. Юқори ҳароратга чидамлилиги билан ажралиб туради.

Саидаҳмад ШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn