Тошкент шаҳрининг иқтисодий-ижтимоий ривожланиб бораётганини ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10,9 фоиз ўсиб, республика иқтисодиётидаги улуши 14,7 фоизга етгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш тадбирлари самарасида ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида саноатнинг улуши 21,8 фоизни ташкил этди. 2013 — 2015 йилларда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 2014 йили мазкур соҳада 11 минг 600 дан ортиқ иш ўринлари яратилди. Айниқса, кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тўқимачилик, фармацевтика, мебель ва қоғоз саноатида салмоқли лойиҳалар рўёбга чиқарилди.
Тошкент шаҳар иқтисодиёт бош бошқармаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган анжуманда таъкидланганидек, соҳада ана шундай изчил ўсиш суръатларининг таъминланаётгани ҳудуд аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш учун муносиб шарт-шароитларни яратишда муҳим омил бўлмоқда.
Алоҳида эътироф этилганидек, пойтахтимизнинг ишбилармонлик муҳити ҳолати индекси 41,1 га тенг бўлиб, бу республикадаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни чоғда мазкур соҳа вакилларининг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш, чакана савдо, пуллик хизматлар кўрсатиш, экспорт ва бандликдаги улуши йилдан-йилга ошмоқда.
Журналистлар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз юритилиб, жорий йилда белгиланган вазифалар бўйича батафсил ахборот берилди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари Тошкент шаҳри иқтисодиётида таркибий ўзгаришларни янада жадаллаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Инвестиция дастурига оид истиқболли лойиҳалар билан таништирилди.
Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.