Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятлари Швейцарияда тақдим этилди
  • 28 Октябрь 2014

Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятлари Швейцарияда тақдим этилди

Женевада ўтказилган БМТ Савдо ва тараққиёт конференциясининг (ЮНКТАД) Жаҳон инвестиция форумида Ўзбекистон делегациясининг иштироки доирасида мамлакатимиз сармоявий салоҳиятига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Тадбир мамлакатимизнинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхонаси томонидан “Ўзинфоинвест” агентлиги ҳамда “Швейцария — Россия ва МДҲ мамлакатлари” бирлашган савдо палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Брифингда Женева кантонининг ишбилармон доиралари, дипломатия корпуси, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.
Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодий тараққиёти, мамлакатда саноат корхоналарини модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш, инвестициявий муҳитни такомиллаштириш юзасидан ҳаётга татбиқ қилинаётган кенг кўламли чора-тадбирлар, шунингдек, инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилган давлат дастурлари ҳақидаги батафсил маълумотлар тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
Шу билан бирга, брифинг қатнашчилари мамлакатимиздаги “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ҳамда “Жиззах” махсус индустриал зоналарининг фаолияти ва имкониятлари, улар ҳудудида хорижий сармоядорлар учун яратилган қулайлик ҳамда имтиёзлар билан яқиндан танишдилар. Хусусан, импорт ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган товарлар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш, ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик қилишни ҳамда янги технологияларни жорий этишни режалаштираётган хорижий инвесторларни жалб қилиш ва уларнинг келгусидаги фаолиятини рағбатлантиришни назарда тутадиган ташкилий-қонуний шарт-шароитлар яратишнинг энг муҳим масалалари ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Тадбирда юртимизнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди.
Женева кантони Олий кенгашининг депутати, “Швейцария — Россия — МДҲ” бирлашган савдо палатаси раиси, Швейцария матбуот клубининг ижрочи директори Ги Меттан “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюсида бугун Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган “Nestle” ва “Richter” компаниялари ўзаро шерикликнинг яхши намунаси эканлигини қайд этар экан, мазкур компанияларнинг ўзбек бозорида муваффақият билан ишлаётгани ўзаро муносабатлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
— Ўзбекистон иқтисодиётига Швейцария сармоялари ҳажмини ошириш борасида биз қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мавжуд имкониятларни муҳокама қилиш учун икки мамлакат ишбилармон доираларининг ўзаро ташрифларини ташкиллаштириш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этиш ниятидамиз, — деди у. — Биз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги таркибига кирувчи мамлакатлар билан ҳамкорлик қиламиз. Менинг фикримча, жуғрофий жойлашуви, аҳолисининг сони ва иқтисодиётининг ривожланиш даражаси сингари омиллар туфайли Ўзбекистон Швейцария ишбилармон доираларининг диққат-эътиборида турибди. Шу боис биз икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишини янада ривожлантиришимиз лозим.
“Herculis” компанияси директорлар кенгашининг раиси, “Швейцария — Россия — МДҲ” бирлашган савдо палатаси раисининг ўринбосари Жан-Поль Периа яқин келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятларини ўрганиб чиқиш мақсадида Швейцария ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга ташрифини уюштириш режалаштирилаётганини маълум қилди.
— Шу йўл билан биз Ўзбекистон ва Швейцариянинг савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий соҳадаги муносабатларини мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшиш ниятидамиз, — деди у. — Брифинг иштирокчилари Марказий Осиё минтақасидаги асосий мамлакат бўлган ва иқтисодиёти диверсификацияланган Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришнинг аҳамияти борасида якдил фикрга эгалар.
“CitadelFinanceSA” компанияси директорлар кенгаши аъзоси Станислас Любомирски Ўзбекистон раҳбариятининг миллий иқтисодиётга хорижий инвестициялар ҳамда илғор технологиялар жалб қилинишини фаоллаштиришга йўналтирилган режаларини юқори баҳолади.
— “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналарининг фаолияти республикада хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитларни яратишга жиддий эътибор қаратилаётганидан далолат беради, — деди у. — Яқин истиқболда “Навоий” интермодал хаби Дубай логистика маркази билан муносиб равишда рақобатлаша олади, деб ўйлайман.

«Жаҳон» АА.
Женева

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn