Халқаро стандартлар ва изчил фаолият
  • 28 Октябрь 2014

Халқаро стандартлар ва изчил фаолият

Банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити шаклланиб, маҳаллий ва хорижий тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар сифати тобора яхшиланиб бораётганида, аҳолининг турмуш даражаси юксалаётганида яққол намоён бўлмоқда.

Қонунчиликка кўра, кредит олиш учун тақдим қилинган аризаларни кўриб чиқиш муддати 3 банк иш куни этиб белгилаб қўйилгани, банкларда ҳисоб рақами очиш учун тўлов ундириш амалиёти бекор қилингани, ваколатли банклар томонидан экспорт-импорт шартномаларини 8 иш соатида рўйхатга олиш тартиби ўрнатилгани бизнес-лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш  имконини бераяпти. Республикамиз тижорат банкларининг сўнгги ўн йил ичида кичик бизнес субъектларини кредитлаш ҳажми 20 баробардан зиёд ўсгани бунинг тасдиғидир.
“Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банкида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда банк тизими томонидан фоиз сиёсати борасида яратилган афзалликлар” мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг тўққиз ойида кичик бизнес субектларига ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баробар ошиб, 7,3 трлн. сўмга етди. Эътиборли жиҳати шундаки, юртимизда яратилган қулай инвестицион муҳит нафақат ҳудудлар саноатини тараққий эттиришга,  балки хорижий сармоядорларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаяпти. Зеро, яқинда пойтахтимизда “Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарни қўллаб-қувватлашда тижорат банкларининг ўрни” мавзуида бўлиб ўтган халқаро бизнес-форумда иштирок этган чет эллик инвесторлар, экспертлар, дипломатик корпус вакилларининг фикрича, ҳудудларда, айниқса, қишлоқ жойларда саноат корхоналари қаторида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси ҳам жадал ривожланаётгани  бежиз эмас.  Яъни ўтган тўққиз ой ичида ҳудудлар салоҳиятини ошириш дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида  тижорат банкларининг 1 трлн. 766,2 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлари йўналтирилди. Ушбу сармояларнинг 1 трлн.  375,9 млрд. сўми саноат, 199,6 млрд. сўми хизмат кўрсатиш ва сервис,  190,7 млрд. сўми қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун берилди.
Энг муҳими, тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига  кредитлар қулай фоиз ставкаларида таклиф этилаётгани уларнинг ўз ишларини йўлга қўйишида катта имкониятлар эшигини очмоқда.
Буларнинг бари республикамиз банклари халқаро стандартлар асосида иш юритаётгани, бунда, аввало, мижозлар манфаатига устуворлик қаратилаётганидан далолатдир.

Д. УЛУҒМУРОДОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn