Кенг имкониятлар диёри
  • 24 Октябрь 2014

Кенг имкониятлар диёри

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари самарасида ҳудудлар инфратузилмаси ривожланиб, аҳоли турмуш даражаси тобора юксалиб бормоқда. Бунда барча қурилиш ва пардозлаш материаллари юртимизда ишлаб чиқарилаётгани, соҳа корхоналари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани муҳим омил бўлаётир.

Ана шундай рағбат ва эътибор самарасини Урганч туманидаги “Диана восток” масъулияти чекланган жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистон ва Туркманистон ишбилармонлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур қўшма корхонада йигирмадан ортиқ турдаги эшик ва ромлар ишлаб чиқарилаётир.
Турли дизайн ва ҳажмдаги бу маҳсулотлар харидорларга манзур бўлмоқда. Корхона жамоаси жорий йилда Қўшкўпир, Шовот, Ҳазорасп туманларида намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойлар учун замонавий эшик ва ромлар етказиб берди.
— Президент Ислом Каримов раҳнамолигида хорижий ишбилармонлар фаолияти учун қулай сармоявий муҳит яратилгани, мебелсозлик корхоналарига солиқ ва божхона имтиёзлари берилгани муваффақиятларимиз омили бўлмоқда, — дейди қўшма корхона раҳбари В. Воробьёв. — Тадбиркорларга кўпроқ эркинлик берилиб, лицензия ва рухсатнома бериш тартиб-таомиллари  соддалаштирилгани инвестициялар оқимини кўпайтириш, Ўзбекистонда чет эллик сармоядорлар иштирокида янги ишлаб чиқариш субъектлари ташкил этиш имкониятини кенгайтираётир. Қисқача айтганда, Ўзбекистон кенг имкониятлар диёридир.
Корхона ишчиларининг аксариятини ёшлар ташкил этади.
— Коллежни битириб, уч томонлама шартнома асосида шу ерга ишга жойлашдим, — дейди Жасурбек Иброҳимов. — Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизнинг чиройлилигини кўриб, ўзимиз ҳам хурсанд бўламиз.
Корхона жамоаси ўзининг сифатли ва харидоргир маҳсулотлари билан юртимизда ўтказилаётган кўргазма ва танловларда мунтазам иштирок этиб келмоқда.

А. ШОКИРОВ,
ЎзА мухбири.
Ш. ҚОРИЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn