Сайёҳлик ривожи ва истиқбол
  • 09 Октябрь 2014

Сайёҳлик ривожи ва истиқбол

“Ипак йўлидаги туризм” ХХ Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси якунланди. Ўзбекистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Таиланд, Малайзия, Сингапур, Италия каби ўнлаб давлатлардан фирма ва компаниялар вакиллари қатнашган ушбу халқаро форум ўзаро тажриба алмашиш, миллий сайёҳлик имкониятларини кенг намойиш этиш, анъана ҳамда қадриятларни тарғиб қилиш, мавжуд муаммоларни атрофлича муҳокама этиш, қолаверса, ҳамкорлик юзасидан фойдали шартномалар имзолаш ва янги йўналишлар очиш учун қулай шароит яратди.

Ярмарка доирасидаги ҳар бир тадбирда туризм индустриясининг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди. Дарҳақиқат, мазкур соҳа иқтисодиёт тармоқлари фаолиятини жадаллаштириш, хорижий валюталарни кенг жалб қилиш, қўшимча иш ўринлари ташкил этиш, халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш сингари ўта долзарб масалаларнинг ижобий ечим топишига хизмат қилади.
Бу галги ярмарканинг иккинчи кунида “Туризм соҳасида ижтимоий ҳамкорлик: таълим ва иш билан таъминлаш” мавзуида халқаро форум ўтказилди.
“Ўзбектуризм” Миллий компанияси, Республика илмий-ўқув консалтинг маркази, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, сайёҳлик фирма ҳамда компаниялари вакиллари, олим ва мутахассислар, талабалар қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Президентимиз раҳнамолигида тармоқни равнақ топтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида кадрлар тайёрлаш, мутахассислар малакасини ошириш, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш масаласига катта эътибор қаратиб келинаётганини алоҳида таъкидладилар. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 1999 йил 30 июнда қабул қилинган “Ўзбекистонда туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни самарали олиб боришда муҳим дастуриламал бўлаётир.
— Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида таълим тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилиб, ўғил-қизларнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда билим олишини таъминлаш, қобилият ва иқтидори, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида салмоқли ишлар бажарилмоқда, — дейди БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ижрочи директори Шахзонг Зу. — Ушбу жараёнда туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш ҳам эътиборга олингани диққатга сазовордир.
Сир эмаски, ҳар бир соҳа ривожида малакали кадрларнинг салоҳияти алоҳида ўрин тутади. Айни пайтда мамлакатимизда туризм индустрияси учун замонавий мутахассислар етиштириб берадиган 5 та олий ўқув юрти, жумладан, Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг Тошкент филиали ва 11 касб-ҳунар коллежи фаолият кўрсатаяпти. “Ўзбектуризм” Миллий компаниясининг Республика илмий-ўқув консалтинг маркази томонидан гидлар, туроператор ва меҳмонхона хўжалиги ходимлари тайёрланмоқда.
Мунтазам равишда ташкил этиб келинаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари эса битирувчиларга сайёҳлик фирма ва компаниялари фаолияти билан яқиндан танишиш, иш таклиф қилувчиларга юқори малакали кадрларни танлаш имконини бераётир.
Мутахассислар тайёрлаш борасида ижтимоий ҳамкорлик ҳам яхши йўлга қўйилган. Чунончи, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Британия Кенгашининг “Инглиз тили туризм учун” номли қўшма лойиҳаси доирасида туризм коллежлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш, соҳага оид ўқув дастурларини такомиллаштиришга йўналтирилган тренинглар ташкил этилаяпти.
Муҳокамаларга бой тарзда кечган мазкур анжуманда туризм соҳасида ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш, ўқув муассасалари билан иш таклиф қилувчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, бу борадаги халқаро тажрибани ўрганиш ва тизимни такомиллаштириш каби қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Форумда сайёҳлик хизматлари сифатини оширишда касб таълимининг аҳамиятига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ҳамда туризм соҳасида ижтимоий ҳамкорлик масалаларига оид давра суҳбати ҳам уюштирилди.
Эътиборга молик жиҳати, мазкур ярмарка доирасида мамлакатимиз туризмида янги лойиҳа — “Hosted buyers /Профессионал харидор/” дастури бошланди. У истиқболли шериклар ва харидорлар ўртасидаги учрашувларни олдиндан белгилаш, уларга муайян имтиёзлар бериш орқали соҳада ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга хизмат қилиши билан ғоят аҳамиятлидир.
Ярмарка давомида юртимиз сайёҳлик компаниялари, соғломлаштириш марказлари, театрлар, санаторий ҳамда шифохоналар, темир йўл тизими вакиллари ўз тақдимотларини ҳам ўтказдилар.
Тадбирда ташкил қилинган “Миллий таомлар фестивали”да, шунингдек, экспозициядан жой олган “Шарқ бозори” ҳамда “Ҳунармандлар шаҳри” бўлимларида ўзбек миллий таомлари, пазандалик санъатига оид маълумотлар берилди, ҳунармандларнинг ижод намуналари намойиш этилди.
Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида туризм йўналишидаги энг яхши компания ва меҳмонхона, энг яхши кўргазма стенди, энг яхши ҳудудий тақдимот, энг яхши сайёҳлик йўналиши каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.


Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Бахтиёр АКРАМОВ ва
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn