Табиий, арзон ва сифатли
  • 09 Октябрь 2014

Табиий, арзон ва сифатли

Заминимизда етиштирилаётган дала ва боғ неъматлари ана шу муҳим жиҳатларга эга.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, хусусан, узумчилик ва боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Натижада бозорларимиз табиий, арзон ва сифатли мева-чевалар билан таъминланмоқда.
Жорий йилда, масалан, Сурхондарё вилояти туманларида барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 132,1 минг тонна мева, 101,9 минг тонна узум етиштирилди. Бундай ютуқларни қўлга киритишда воҳа иқлимига мос тезпишар, серҳосил ва касалликларга чидамли навларни яратиш, тармоқда янги технологияларни жорий қилиш муҳим омил бўлди.
— 2011 йилда ҳудудимизда 215 гектар ерда хориж технологияси асосида интенсив боғлар яратилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилда яна 267,8 гектар майдонга кенгайтирилди, — дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси пахтачилик, ғаллачилик, сабзавот-полизчилик ва узумчиликни ривожлантириш, агрокимё ва механизация бўлими бош мутахассиси Жаҳонгир Баҳромов. — Бунинг самараси ўлароқ, гектар ҳисобига 30-40 тоннадан ҳосил йиғиштириб олинди. Меванинг салкам 40 фоизи эса боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келди.
Айтиш жоизки, Денов туманидаги “САВБ” масъулияти чекланган жамияти, Сариосиё туманидаги “Дашнобод боғлари” ва “Бодомзор” фермер хўжаликлари аъзолари бу борада бошқаларга ўрнак бўлмоқдалар.
— Интенсив боғ баракали экан, — дейди “Бодомзор” фермер хўжалиги раҳбари Шавкат Каримов. —  Мана, иккинчи йилдирки, ундан яхшигина даромад олаяпмиз. Ҳозиргача салкам 100 тонна маҳсулотни саранжомлашга эришдик-да.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги “2011 — 2015 йиллар даврида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, вилоятда ташкил этилган махсус омборларда сақланаётган мевалар хорижга юқори нархларда сотилмоқда. Айни шу жиҳат инобатга олинган ҳолда, мавсум охиригача туманларда яна сиғими 3200 тонналик, қиймати 3 миллиард 250 миллион сўмлик музлаткичли омборхоналарни фойдаланишга топшириш чоралари кўрилаётир. Бу юмушга Термиз туманидаги “Unigreen” МЧЖ жамоаси бош-қош бўлаяпти.


Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn