Юқори сифатли, қулай ва тежамкор
  • 22 Июль 2014

Юқори сифатли, қулай ва тежамкор

Юртимизда ишлаб чиқарилаётган маиший техника воситалари ана шундай таърифга лойиқ.

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг реал секторини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорда
рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қаратилган мақсадли дастурлар амалга оширилаяпти. Натижада жорий йил биринчи чорагининг ўзида 150 дан зиёд янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш  ўзлаштирилди.
Электродуховка, газ ва электр плиталар, кондиционерлар, электродвигателлар, насослар, мисланган пайвандлаш симлари, автомашиналар учун антифриз, спорт майдонлари учун сунъий қоплама, резина асосли ковролан... Умуман, ушбу даврда 352 та маҳаллийлаштириш лойиҳаси доирасида 439,8 миллиард сўмлик  маҳсулот тайёрланиб,
импорт ўрнини босиш самарадорлиги 197,9 миллион АҚШ долларига етди.
Ваҳолонки, яқин-яқинларгача маиший техника воситалари юртимизга четдан келтириларди. Бугун эса шу турдаги маҳсулотларнинг аксарияти маҳаллий корхоналар томонидан таклиф этилаётгани барчамизни фахрлантиради. Айни чоғда улар хориждаги муқобилидан асло қолишмаслиги, қулай нархлари билан кўпчиликнинг ижобий баҳосини олиб, “Made in Uzbekistan” бренди нуфузини янада оширмоқда.
Пойтахтимиздаги кондиционер ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Dream Production” масъулияти чекланган жамияти — ана шундай илғор корхоналардан бири. Ташкил этилганига ҳали ҳеч қанча бўлмай, у истеъмолчилар ишончини қозониб улгурди. Албатта, бундай эътирофга сазовор бўлиш осон эмас. Сабаби, уч йил олдин корхона ихтиёрида 3,5 гектар ер ва бўш ётган бино бор эди, холос. Юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити туфайли у ерда қисқа вақт ичида илғор технологияли, Марказий Осиёда ўхшаши йўқ линия ишга туширилди. Жумладан, Япония ва Хитойнинг етакчи компаниялари ускуналари асосида тайёрлаш, синовдан ўтказиш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилди. Энг муҳими, шу асосда юздан ортиқ иш ўрни яратилди.
— Кондиционер ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичи ўта синчковликни талаб этади, — дейди корхона директори ўринбосари Сарвар Аҳадов. — Аввало, энг сўнгги русумдаги тест функциялари асосида унинг совитиш ва иситиш тизими меъёрида ишлаши, электр хавфсизлиги муфассал текширилади. Кам-кўсти бўлса, тузатилади. Шундан сўнг лаборатория маҳсулот сифатини чиғириқдан ўтказади. Бу эса ускуналаримизнинг ҳар томонлама талабга мослигини таъминлаш имконини беради.
Яна бир муҳим жиҳати, ҳозир мамлакатимизда маиший техника воситалари таркибий қисмларини тайёрлаш изчил ўзлаштирилаяпти. Масалан, шу йилдан бошлаб корхонада “Ангрен труба заводи” УКда ишлаб чиқарилган мис трубалардан фойдаланилмоқда. Бу эса кондиционернинг ички деталлари ва ташқи блокини ясашда кўплаб енгилликлар бераётир. Чунки илгари уларни хориждан келтириш ортиқча оворагарчиликлар ва сарф-харажатга сабаб бўларди. Энди ана шундай қийинчилик бартараф этилди. Бу эса ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва маҳсулот таннархини камайтиришда айни муддаодир.
...Улкан ишлаб чиқариш комплексида юқори технологияли асбоб-ускуналарга кўзингиз тушади. Уларни ўзимизнинг ёш мутахассислар моҳирлик билан бошқаришаяпти. Конвейер айланиб турибди. Дастгоҳлар бир меъёрда ишламоқда. Махсус автокарлар керакли деталларни ташиб келтираётир. Хуллас, жараён қизғин давом этмоқда.
Чиқарилаётган кондиционерларда эса бозордаги барча янгиликлар ва талаблар ўз ифодасини топганига гувоҳ бўлиш мумкин. Хусусан, иситиш, совитиш қуввати, ихчамлик, шовқинсизлик, тежамкорлик, дизайн — ҳаммаси рисоладагидек.
Жамоанинг асосий қисмини ташкил этадиган олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёш ходимлар ўз ғоялари билан маҳсулотларни янада такомиллаштиришга ҳисса қўшаётгани диққатга сазовор. Уларнинг билим, малака ва амалий кўникмаларини ривожлантиришда таълим муассасалари билан уч томонлама шартномалар имзолаш анъанаси, “устоз — шогирд” тамойили самарали қўлланилиб келинаётгани катта роль ўйнаяпти. Хусусан, кўплаб ёшлар коллеж амалиётини шу ерда ўтаб, соҳадаги ўзига хос жиҳатлар билан яқиндан танишмоқда, униб-ўсмоқда, жамиятда муносиб ўрнини топиши учун барча шарт-шароит яратилганини ҳис этмоқда. Ўқишни тамомлагандан кейин илғор корхонада мутахассис сифатида фаолият юритаётгани буларнинг самарасидир.
— Бу  ерда ишлаётганимга ҳали кўп бўлгани йўқ, — дейди ана шундай ёшлардан бири Рамзиддин Турсунов. — Ҳаётимнинг мазкур янги босқичи ҳалол ишлашнинг асл мазмун-моҳияти нимада эканлигини кўрсатди. Меҳнат бу нафақат даромад, балки ўзини кўрсатиш, қобилиятни синовдан ўтказиш, энг асосийси, мана шу юрт, мана шу жамиятнинг бир бўлаги эканлигингни ҳис этиб, ғурурланишдир.
Жамоанинг аҳиллиги ҳамда илғор технологиялар уйғунлигида корхонада йилига салкам юз минг дона кондиционер ишлаб чиқарилаяпти. Маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам харидоргир.
Мухтасар айтганда, замонавий маиший техника воситалари юртдошларимиз турмуш тарзига кўплаб қулайликлар, хонадонларга шинамлик, саранжом-саришталик бахш этаётир. Бугунги кунда дўкон пештахталарида ана шундай товарларнинг кўплаб моделларини учратиш мумкин. Қувонарлиси, улар орасида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида бўлган маҳсулотлар сони тобора кўпайиб бораяпти.


С. ҚОСИМЖОНОВ.
Ҳ. ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn