Озиқ-овқат саноати: Экспорт имкониятлари ва истиқбол
  • 22 Июль 2014

Озиқ-овқат саноати: Экспорт имкониятлари ва истиқбол

Ўзбекистон мева ва сабзавот маҳсулотларини наинки етиштириш ҳажми, балки уларни экспорт қилиш бўйича ҳам дунёда етакчи бўлган ўнта давлатдан бири саналади. Бугунги кунда 80 дан ортиқ мамлакатга 180 турдан зиёд сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар етказиб берилаётгани бунинг яққол далилидир.

Зеро, Президентимиз ташаббуси билан истиқлол йилларида амалга оширилган туб ислоҳотлар иқтисодиётимизнинг муҳим таркибий қисми бўлган қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш, маҳсулот етиштириш ва уни қайта ишлаш ҳажмини муттасил ошириш имконини берди.
Саховатли заминимизда етиштирилаётган ноз-неъматларга бўлган талаб ортиб бораётгани бежиз эмас, албатта. Чунки юртимизнинг ноёб тупроқ-иқлим шароити, йилнинг ўртача 320 куни қуёшли бўлиши, фаслларнинг ўз ўрнида келиб, изчил алмашинуви туфайли жуда мазали ва сифатли мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилади. Бундан ташқари, пишиқчилик мавсуми эрта кўкламдан то кеч кузгача давом этадики, бу аҳолининг муҳим озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини йил давомида барқарор қондириш, қайта ишлаш корхоналарини узлуксиз хом ашё билан таъминлаш имконини беради.
Мана исботи: маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштирилиб, аҳоли жон бошига қарийб 300 килограммдан сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келмоқда. Бу оптимал, яъни мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўп эканлиги таҳсинга лойиқдир.
Соҳада эришилаётган бундай ютуқлар Президентимиз ташаббуси билан Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференция иштирокчилари томонидан ҳам юксак баҳоланди.
Жаҳоннинг 40 та мамлакати ва 20 та халқаро ташкилотдан ташриф буюрган 200 нафардан зиёд меҳмонлар дунёда озиқ-овқат маҳсулотларига талаб тобора ортиб бораётган ҳозирги шароитда бундай маҳсулотларни етиштириш ва қайта ишлаш борасида Ўзбекистонда тўпланган тажрибани ўрганиш ҳар томонлама фойдали эканлигини алоҳида қайд этдилар.
Дарҳақиқат, иқтисодиётимизнинг юқори технологияларга асосланган тармоқлари, хусусан, озиқ-овқат саноати жадал суръатларда ривожланмоқда. Мутахассисларнинг эътирофича,  ички ва ташқи инвестициялар жалб этилган ҳолда, янги корхоналар ишга туширилаётгани, мавжуд қувватлар изчил модернизация қилинаётгани ютуқлар гарови бўлаётир.
Бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар сони қарийб 7 мингтага етди. Бунинг самараси ўлароқ, илгари импорт эвазига таъминланган айрим турдаги маҳсулотлар аллақачон маҳаллийлаштирилиб, эндиликда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан экспорт қилинаётир. Фақат Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси тизимидаги корхоналарнинг ўзида мингдан зиёд турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани бунга яққол мисол бўла олади. 
Пойтахтимиздаги “Gold Dried Fruits” масъулияти чекланган жамияти соҳада самарали фаолият кўрсатаётган илғор корхоналардан биридир. Бу ерда боғ ва дала неъматларига юқори ҳароратда ишлов берилиб, сунъий қуритиш усуллари тўлиқ ўзлаштирилган. Бунда Германия, Бельгия, Хитой каби хорижий давлатлардан келтирилган энг замонавий ва юқори унумли технологиялар қўл келаётир.
Бугунги кунда жамиятда 120 га яқин киши иш билан таъминланган. Уларнинг шижоати туфайли бир кеча-кундузда 120 тонна пишиб етилган, витаминларга бой, энг асосийси, экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатли қайта ишланаяпти.
— Сиртдан қараганда, осон туюлган қуритиш жараёни аслида жуда мураккаб, — дейди корхона цехи бошлиғи Эркин Ваҳобов. — Мева-сабзавотларни ювиш, қуритиш ва саралаш чоғида озгина эътиборсизликка йўл қўйилса борми, маҳсулот сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Корхонамизда қуритиш уч босқичда амалга оширилаётгани туфайли озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибидаги фойдали элементлар тўлиқ сақлаб қолинаяпти. Шу боис уларга бўлган талаб кун сайин ортмоқда.   
Чиндан ҳам, иш бошлаганига эндигина бир йил тўлган  ушбу корхона маҳсулотлари аллақачон хорижда ўз харидорларини топиб улгурди. Тайёр маҳсулотларнинг 90 фоизи АҚШ, Германия, Украина сингари дунёнинг ўнга яқин мамлакатларига сотилаётгани бунинг тасдиғидир.
Жамият жамоаси ташқи бозор талабини инобатга олган ҳолда, қайта ишлаш ҳажмини муттасил ошириш пайидан бўлмоқда. Бунинг учун фермерлар томонидан етказиб берилаётган маҳсулотлар билан кифояланиб қолмасдан, корхона тасарруфидаги 300 гектар экин майдонида қалампир, булғор қалампири, бақлажон, карам, қизил лавлаги каби сервитамин сабзавотлар етиштириш йўлга қўйилди. Бу ердан йиғиштириб олинаётган ҳосил ҳам пешма-пеш қайта ишланаяпти. Эътиборлиси, замонавий технологиялар ёрдамида 70 граммлик идишларга қадоқланаётган маҳсулотларни 2 йилгача сақлаш мумкин.
Мамлакатимизда кейинги йилларда ташкил этилган бу каби мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланадиган корхоналар иқтисодиётимизда тобора катта ўрин эгаллаб бормоқда. Негаки, уларда маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш асосида тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан бирга, янги турдаги ноз-неъматлар тайёрлашга эришилаяпти. Бу, ўз навбатида, қўшимча савдо йўлакларини очиш, ҳамкорлар сафини кенгайтириш, экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилаётир.
Шулар инобатга олинган ҳолда, яқин йилларда мева-сабзавотни қайта ишлаш ва унга ишлов бериш бўйича умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларилик 265 та инвестициявий лойиҳани қўшимча равишда амалга ошириш кўзда тутилган. Бу Ўзбекистонда озиқ-овқат дастури ижроси изчил таъминланаётганининг амалий тасдиғи бўлиб, пировардида иқтисодиётимиз салоҳиятини янада юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn