Энергетиканинг ривожланиш истиқболлари
  • 14 Июль 2014

Энергетиканинг ривожланиш истиқболлари

Электр энергетика соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини ушбу жабҳадаги ўзгаришлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, янги энергетика қувватларини, электр энергиясини узатиш тармоқларини барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш борасида жуда катта ҳажмдаги ишлар бажарилмоқда.
Жумладан, 2005 йилда Толлимаржон иссиқлик электр станциясида 800 МВт қувватга эга энергоблок, 2012 йилда Навоий иссиқлик электр станциясида 478 МВт қувватга тенг бўлган, шартли ёқилғи истеъмолини 1,5 марта камайтириб, 300 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилиш имконини берадиган буғ-газ қурилмаси ишга туширилди. Тошкент, Толлимаржон, Навоий иссиқлик электр станцияларида  худди шундай йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилаяпти.
Бугунги кунда юртимизда ҳосил қилинаётган электр энергиясининг қарийб 97 фоизи “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси тасарруфидаги электр станцияларига тўғри келса, қолган 3 фоизи эса, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги гидроэлектр станциялар ҳамда йирик саноат корхоналарининг блок станцияларидан олинади. Статистик маълумотларга қараганда, ўтган йили республикамиз электр энергетика тизимидаги мавжуд корхоналар томонидан жами 50 млрд. кВт. соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Электр энергетика тизимида ишлаб чиқаришни бозор муносабатларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этиш, соҳага ташқи инвестицияларни кенгроқ жалб қилиш, истеъмолчи ва таъминотчи муносабатларини тартибга солиш ҳамда соҳага доир бошқа долзарб муаммоларни ҳал этиш мақсадида кўплаб вазифалар белгилаб берилган. Тармоққа бозор муносабатларини фаол жорий этиш, хусусан, электр энергияси бозорини тўлиқ шакллантириш замон талаби бўлиб қолмоқда.
Эътироф этиш жоизки, электр энергиясини ҳосил қилувчи қувватларни ошириш, магистрал ва тақсимлаш электр узатиш линияларини реконструкция қилиш бўйича “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси қабул қилган дастурлар асосида бир қатор истиқболли лойиҳалар, чора-тадбирлар, халқаро кредит институтларининг маблағларини жалб этган ҳолда қатор инвестицион лойиҳалар амалга оширилаётир. Шу билан бирга, компания фаолиятини бошқаришда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, айтайлик, WI-MIX тизими жорий этилса, нур устига аъло нур бўларди. Чунки бу орқали энергетик объектларни бошқаришда аниқлик ва тезкорлик сезиларли даражада ошади.
Яна бир гап. Айни пайтда республика саноат корхоналарида энергия сарфи жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан ортиқ. Демак, бу каби камчиликларни бартараф этиш зарурати асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки аҳоли сонининг ўсиши, турмуш шароитларининг яхшиланиши ва маиший техника воситаларига бўлган эҳтиёжнинг ортиши, ишлаб чиқаришга янги техника ва технологияларнинг жорий этилиши ва шу каби бошқа омиллар туфайли барча ҳудудларда электр энергиясига бўлган талаб ҳам, табиийки, ошади. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб, мамлакатимизда электр энергиясига бўлган эҳтиёж 2013 йилдагига нисбатан икки баробар ортиб, 100 млрд. кВт соатдан ортиқ бўлиши кутилмоқда.
Истеъмолчиларни сифатли электр энергияси билан таъминлаш борасида баъзи ташкилий чораларни қўллаш ҳам яхши натижа бериши мумкин. Масалан, ижтимоий-маиший объектларни ва аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун ишлаб чиқариш корхоналарининг (пахтани қайта ишлаш заводлари, металл эритиш корхоналари ва ҳоказо) энергия истеъмоли режимини сутка давомида ўзгартириш таклифи. Бундай ҳолатда электр энергиясига табақалаштирилган (вақт бўйича) тарифлар жорий этилади. Дунёдаги ривожланган давлатлар шундай тажрибани амалда қўллашаётгани бунга яққол мисол бўла олади. Айтайлик, Францияда электр энергияси учун тарифлар тизими шундай ташкил этилганки, ҳар бир истеъмолчи “пик” соатларда (яъни кўпчилик истеъмолчилар уланган соатларда) юклаш (нагрузка) максимумини пасайтиришдан, сутка зоналари ва йил фаслларида юклаш жадвалини “текислашдан” манфаатдор бўлади. Шу мақсадда, кундузги ва тунги, ёзги ҳамда қишки мавсумлар истеъмолчилари учун турлича тарифларнинг дифференциал (табақалаштирилган) ёндашуви қўлланилади. Яъни истеъмолчи энергия қиммат бўлган вақтларда уни камроқ ишлатишдан ўзи манфаат кўради.
Бундай тажрибаларни қўллаш учун, албатта, юқори аниқликдаги назорат-ўлчов асбоблари, ишлатилган энергия учун тўловларни қисқа вақт оралиғида амалга ошириш тизимини тўлиқ йўлга қўйиш талаб этилади. Тизимга АИИСКУЭни татбиқ этиш масаласига танқидий назар ташлаш лозим, яъни энергетика тизимининг қайси даражасигача уни жорий этиш, аҳоли истеъмолчилари учун эса олдиндан тўловларни амалга оширишга имкон берадиган, карточкали электр ҳисоблагичларни татбиқ этиш бу истеъмолчиларни ўзини ўзи назорат қилишига замин яратган бўлур эди.
Қолаверса, Ўзбекистон ҳудудидаги қайта тикланадиган энергия турларининг жами ва техник потенциалини баҳолаш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг экологик хавфсизлиги, ўзлаштириш имкониятлари етарли бўлганлиги учун анъанавий энергия захираларимиздан фойдаланиш истиқболларини қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Чунки қайта тикланадиган энергия турларини ишлаб чиқариш шароитлари ва маиший ҳаётимизда янада кенг қўллаш электр ва иссиқлик энергияси ҳосил қилишда табиий газдан сезиларли даражада камроқ фойдаланишга замин яратади.
Президентимизнинг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2013 йилнинг ноябрь ойида Тошкентда Осиё қуёш энергияси форумининг ўтказилгани ва ушбу анжуманда давлатимиз раҳбарининг иштирок этиб, нутқ сўзлагани бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш, табиий бойликларимизни тежашда муҳим аҳамиятга эгадир.
Гап муқобил манбалар хусусида борар экан, шамол-қуёш энергияси асосида электр энергияси ҳосил қилувчи гибрид электр станциялари каскадини жорий этиш самарали натижа беришини айтиб ўтиш жоиз. 
Юқорида белгилаб берилган вазифаларни бажаришда кадрларнинг ўрни ниҳоятда беқиёсдир. Бу эса энергетика соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида ҳам ҳамкорликни кучайтиришни талаб қилади. Чунки йиллар синовидан ўтиб шаклланган энергетика тармоғи учун кадрлар тайёрлаш режалари, албатта, тайёрланаётган мутахассиснинг энергетика тизимидаги ўрнини аниқ белгилаб олишни, у олий таълим муассасасини битирганидан сўнг қийналмасдан ўз фаолиятини бошлашини тақозо этади. Бунда, айниқса, битирувчи кадрларнинг энергетика соҳасига тезроқ мослашишларини таъминлаш учун адаптация марказларини магистрал электр тармоқлар ва ҳудудий электр тармоқ корхоналарида ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўларди.
Бугунги кун ва истиқбол талабларидан келиб чиқиб, иссиқлик электр станцияларида табиий газни тежаш мақсадида буғ-газ, газ-турбина агрегатларини жорий этиш ва эксплуатация қилиш, турли ёқилғиларни қайта ишлаш ва самарали ёқиш бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, электр энергиясини тақсимлаш ва сотиш бўйича юқори малакали ходимларни тайёрлаш шу корхоналарда кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериши билан муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, энергетик хавфсизлик, энергиянинг қайта тикланадиган турларидан фойдаланиш, юқори кучланиш техникаси, метрология, стандартлаш ва энергетикада бошқарувнинг ахборот-коммуникация технологиялари, энергетик аудит, энергетик машинасозлик ва кабель техникаси тармоғи учун мутахассислар тайёрлаш ҳам замон талаби бўлиб қолмоқда.
Шу билан бирга, магистратурада тайёрланаётган мутахассис-кадрларнинг сифат даражасини ошириш учун ишлаб чиқариш билан бевосита боғлиқ йўналишларда, жумладан, энергетика соҳаси учун магистратурага, қолаверса, кейинчалик докторантурага қабулни мақсадли равишда йўлга қўйиш ниҳоятда зарур. Яъни ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотлари талабларидан келиб чиқиб, тармоқ вазирлиги йўлланмасига асосан қабул қилинса, магистрлар конкрет йўналиш (мавзу) бўйича илмий тадқиқот институтининг тегишли лабораториясига (бўлимига) бириктирилса, умумижтимоий-гуманитар ва педагогикага оид фанлар ўқитилиши тегишли олий таълим муассасасида олиб борилса айни муддао бўларди.
Мактаблар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ўқувчиларининг энергетика соҳасига қизиқишини шакллантириш, олий таълим муассасалари биринчи босқич талабаларига “Мутахассисликка кириш” каби предметларни ўқитишда, умуман, энергетика соҳаси ходимлари маънавий билимини бойитишда энергетика музейининг ташкил этилиши самарали натижалар беради, деб ўйлаймиз.


Ҳаким МУРАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Энергетика ва автоматика институти директори,
техника фанлари доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn