Фарғона вилояти: юксак салоҳият ва иқтисодий тараққиёт
  • 09 Июль 2014

Фарғона вилояти: юксак салоҳият ва иқтисодий тараққиёт

Ҳадемай, барчамиз энг улуғ, энг азиз байрамимиз — мустақиллигимизнинг қутлуғ 23 йиллигини катта тантана сифатида нишонлаймиз. Бу йилги айём тадбирлари Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя асосида ўтказилиши айни халқимиз дилидаги туйғуларни, фикрларни ўзида яққол ифода этгани билан янада аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, юртимизнинг ҳар бир қарич ери биз учун муқаддас, уни ҳар қанча ардоқласак — кам. Халқимиз бежиз истиқлол байрамини ўзгача интиқлик билан кутмайди. Чунки унинг ҳаётимизда тутган ўрни ниҳоятда беқиёс. Мустақиллик туфайли одамларимиз ўз орзу-истакларининг рўёбини кўриш, муносиб турмуш кечириш имконига эга бўлди, миллий анъана ҳамда қадриятларимиз қайта тикланди, аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, муқаддас қадамжолар обод қилинди. Дунё ҳамжамияти Ўзбекистонни нафақат тарихи улуғ, балки келажаги буюк давлат сифатида ҳам тан олди. Бугун мамлакатимиз эришаётган ютуқларга ҳавас қиладиганлар, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга интилаётганлар сафи кенг. Буларнинг барчаси бизга алоҳида ғурур ва ифтихор ҳиссини бағишлайди. Шу боис ҳам файзли дастурхон атрофида, турли учрашув ҳамда давраларда бу каби беқиёс ўзгаришлар бот-бот тилга олинади, истиқлол берган имкониятлар ҳақида тўлқинланиб гапирилади.
Хўш, биз мана шундай даражага қайси омиллар ҳисобидан эришдик? Ким эдигу ким бўлдик? Бу саволларга яқин ўтмишимиздан ва мана шу босиб ўтган 23 йиллик мустақил тараққиёт йўлимиздан муносиб жавоб топишимиз мумкин.
Маълумки, ўлкамизда узоқ йиллар давомида ҳукм сурган коммунистик мафкура ва асосан, хом ашё етказиб беришга асосланган бир ёқлама иқтисодий сиёсат ўтган асрнинг сўнгида ҳар бир соҳада ўзининг ҳалокатли салбий таъсирини кенг миқёсда кўрсата бошлаган эди. Мамлакатимиз барча асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича собиқ иттифоқ республикалари орасида энг охирги ўринлардан бирига тушиб қолганди. Саноатда меҳнат унумдорлиги пасайиб, аҳоли жон бошига истеъмол моллари ишлаб чиқариш даражаси абгор аҳволга келганди. Ижтимоий инфратузилма тармоқлари, хусусан, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача болалар муассасаларида жуда оғир шароит ҳукмрон эди. Масалан, ўша вақтда мактаб ва касалхоналарнинг асосий қисми нобоп биноларда жойлаштирилганлигининг ўзи кўп нарсани англатади. Инсоннинг ҳар томонлама уйғун камол топиши у ёқда турсин, ҳатто яшаши учун керак бўлган энг оддий нарсалар ҳам етишмасди. Энди бир тасаввур қилиб кўринг, жуда катта ер ости ва ер усти бойликларига, ишлаб чиқаришни ривожлантириш имкониятларига, қулай табиий иқлим шароитига эга бўлган юртимизнинг ана шундай аянчли ҳолатда қолиши қайси мантиққа тўғри келарди? Буларнинг барчаси собиқ тузум қўллаган сиёсат асоратлари эди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг жасорати, шижоати билан Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгач, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳеч кимдан кам бўлмай ҳаёт кечиришини таъминлаш йўлида улкан ислоҳотлар даври бошланди.
Ёши катталар яхши эслашади, 90-йилларнинг бошларида мустақил юртимиз келажагига нисбатан шубҳа билан қараганлар жуда кўп бўлган. Айтайлик, илгари қурилган корхоналар тўхтаб қолади, мутахассислар етишмовчилиги кузатилади, деган турли хил фикрлар айтилган эди. Лекин ана шундай қарашларнинг қуруқ бўҳтон экани, бу бизни кўролмасликдан бошқа нарса эмаслиги, мамлакатимиз танлаб олган тараққиёт йўли нақадар тўғри ва ишончлилигини бугун ҳаётнинг ўзи яққол исботлаб бермоқда. Ҳозир енгил ёки юк ташиш автомобиллари дейсизми, улар учун двигатель, бутловчи қисмларни бўладими, тракторлар, трактор тиркамалари бўладими, ҳаммаси ўзимиздан чиқаяпти. Далаларимизда етиштирилган пахтани, аввалгидек, фақат хом ашё сифатида эмас, энди тайёр маҳсулотга айлантириб ҳам сотаяпмиз. Энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган тўқимачилик корхоналаримизда сон эмас, сифат кўрсаткичлари ортаяпти. Илғор ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, мобиль телефонлари “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан харидорлар қўлига етиб бормоқда. Музлаткич, совутқич, кондиционер, чангюткич, мебель жиҳозлари ёки қурилиш материаллари тайёрлайдиган корхоналаримизни айтмайсизми?! Хўш, ана шундай корхоналарда юксак технологияларни билимдонлик ва маҳорат билан ким бошқараяпти? Албатта, мустақиллик йилларида туғилиб ўсган, бугун икки-учта хорижий тилда бемалол сўзлаша оладиган, қалбида шу азиз Ватанга меҳр-муҳаббати кучли ўғил-қизларимиз бошқармоқда. Бундан ҳаммамиз фахрланамиз.
Ўзбекистон бир пайтлардаги қолоқ аграр республикадан бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айланди. Мана шу ўзгаришлар жараёнини юртимизнинг ҳар гўшасида кўриш мумкин. Жумладан, Фарғона вилоятининг саноат имкониятлари ҳам мисли кўрилмаган даражада ўсди. Вилоят марказидан тортиб, энг олис қишлоқларга қадар илғор ишлаб чиқариш қувватларига эга корхоналар бунёд бўлди. Қулай, жозибадор инвестиция муҳити шаклланди.
— Агар мендан “Мустақиллик қандай имконият, имтиёзлар яратиб берди?” деб сўрашса, ҳеч иккиланмай, тадбиркорликка, дунёга чиқишга, ривожланган давлатлардаги бизнес соҳаси вакиллари билан ўзаро тажриба алмашишга кенг йўл очиб берди, деган бўлардим, — дейди Тошлоқ туманидаги “Стапласт” қўшма корхонаси раҳбари Султонбек Собиров. — Ота-боболаримиз азалдан тадбиркорлик билан шуғулланишган. Лекин, айтайлик, оналаримиз ўзлари тиккан дўппиларни, оталаримиз машаққат билан ясаган пойабзалларни бозорда яшириб, бекиниб сотишга мажбур бўлишган. Ўзим ҳам ўша йиллари хуфиёна бозордан қўлбола дастгоҳ сотиб олиб, тугма ишлаб чиқарган эдим. Аммо хусусий тадбиркорликка йўл йўқлиги учун фаолиятимни ривожлантира олмаганман. Мустақиллик йилларида пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган хусусий корхонага асос солдик. Кейинчалик Жанубий кореялик ҳамкорлар билан қўшма корхона ташкил этдик. Бугунги кунда корхонамиз томонидан юз хилдан зиёд пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқарилаяпти. Уларни эндиликда экспорт ҳам қилаяпмиз.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, бундан 23 йил аввал Фарғона вилоятида атиги 2 та хорижий сармоя иштирокидаги корхона фаолият кўрсатган бўлиб, улар томонидан, бор-йўғи, 1 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт қилинган. Мазкур рақамнинг ўзиёқ ҳудуднинг саноат имконияти қандай бўлганлиги ҳақида яққол тасаввур уйғотади. Бугунги кунда-чи? Вилоятда хорижий инвесторлар иштирокида 127 та корхона ишлаб турибди. Хусусан, агар 2012 йилда Фарғонада чет эл сармояси иштирокида 11 корхона ташкил этилган бўлса, ўтган йили улар сафига яна 18 таси қўшилди. Жорий йилнинг дастлабки чорагида эса янги 12 та хорижий корхона рўйхатдан ўтди. Бошқача айтганда, 3 миллион АҚШ долларилик хорижий инвестиция жалб қилиниб, 1100 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Ҳозирги кунда вилоят бўйича ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг тўртдан бир қисмини шу корхоналар етказиб бермоқда. Уларнинг вилоят экспортидаги ҳиссаси 40 фоизни ташкил этиб, аввалги йилдагига нисбатан 5,8 фоиз ўсишга эришилди. Яна бир муҳим кўрсаткични алоҳида келтириб ўтишни хоҳлардик. Ўтган йили вилоятнинг экспорт-импорт сальдоси илк маротаба 1 миллиард доллардан ошди. Ана энди ўзингиз муқояса қилиб кўринг. Бундан 23 йил аввалги 1 миллион доллар қайда-ю, бугунги кундаги 1 миллиард доллар қайда.
Бу борада вилоятнинг ўзига хос ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлган туманлари ҳам пайдо бўлди. Айтайлик, собиқ иттифоқ даврида Данғара тумани вилоятнинг энг қолоқ, иқтисодий ночор туманларидан бири ҳисобланарди. Бу заминда қўшма корхона тугул тузукроқ саноат корхонаси ҳам йўқ эди. Айни пайтда туманда бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан шуғулланаётган юздан зиёд корхона фаолият кўрсатаяпти. Улардан 6 таси томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар экспортга йўналтирилмоқда. Шуниси эътиборлики, тумандаги тадбиркорлар, ишбилармонларнинг саъй-ҳаракати туфайли данғараликлар экспорт қилиш бўйича Марғилон ва Қўқон шаҳри саноатчиларидан ҳам ўзиб кетишди. Хусусан, 2014 йилнинг биринчи ярмида улар томонидан 103 миллион долларлик маҳсулот хорижлик харидорларга сотилди. Бу тумандаги экспортчи корхоналарнинг ўтган йил давомида эришган натижаси билан деярли тенг. Биргина “Фонтус — Альянс” қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган қуруқ меваларга Россия, Марказий Осиёдаги давлатлардан ташқари, Европанинг ўндан зиёд мамлакатларидан ҳам буюртмалар келиб тушаётгани диққатга сазовор. Жорий йилнинг 6 ойи мобайнида ана шу буюртмачиларга корхона ёрлиғи билан 24 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Яна бир эътиборга молик томони, тумандаги экспортчи корхоналарнинг аксариятини ёшлар бошқараяпти. Ҳали ўттизни ҳам қораламаган Ойбек Абдуллаев — шулардан бири.  
— Давлатимиз раҳбарининг 2012 йилда қабул қилинган “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бизнесни йўлга қўйишимга қанот бўлди, — дейди ёш тадбиркор. — Чунки мазкур ҳужжат тадбиркорлик субъектлари билан  боғлиқ қонунчилик меъёрларини янада соддалаштириш билан бирга, уларнинг жаҳон бозорига чиқиш имкониятларини янада кенгайтирди. Шундан келиб чиқиб, аёллар ва болалар пойабзаллари ишлаб чиқарадиган қўшма корхонага асос солдик. Ҳозир жаҳон пойабзал бозори конъюнктурасини ўрганиб, янги технологиялар олиб келиш ҳаракатидамиз. Ушбу режа амалга ошса, яна 30 та янги иш ўрни яратилади.
Тумандаги “МузаффарТЕХ” Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма корхонаси бир маромда фаолият кўрсатаётган жамоалардан саналади. Ушбу корхонада тайёрланаётган маҳсулотлар сифатлилиги билан хорижлик буюртмачиларнинг ҳам эътиборига тушди. Ўтган йили “МузаффарТЕХ”да кенг кўламли модернизация ва технологик янгиланиш жараёнлари амалга оширилди. Бу ўзгаришлар корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини 30 фоизга ошириш имконини берди. Бинобарин, 2013 йилда 7000 тонна калава ип ишлаб чиқарилиб, 828 минг долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилди. Аҳил жамоа бу йил экспорт ҳажмини 1 миллион доллардан ошириш ниятида астойдил меҳнат қилмоқда.
Ўтган йили тумандаги қўшма корхоналар сони 10 тага ортди. Улардан бири “Имкон” ишлаб чиқариш корхонаси бўлиб, бу ерда тайёрланаётган полиэтилен маҳсулотлар тури 100 тага етди. Корхона раҳбари Аббосхон Холмирзаевнинг таъкидлашича, 2013 йилда жамоа аъзолари 4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришга эришишди. 541 минг долларлик маҳсулот хорижий буюртмачиларга етказиб берилди.
“Имкон” учун Соғлом бола йилининг ўтган олти ойи ҳам муваффақиятли кечди. Дастлабки ҳисоб-китоблар 3 миллиард сўмга яқин маҳсулот ишлаб чиқарилганини кўрсатиб турибди. Йил якуни бўйича бу кўрсаткич камида 6 миллиард сўмга етади. Шунинг 600 минг долларлик қисми эса экспорт қилинади.
Марғилон шаҳрида ҳам ишлаб чиқарувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотларнинг ташқи  ва ички бозордаги рақобатбардошлигини ошириш юзасидан тизимли тадбирлар амалга оширилаяпти.  Натижада экспортнинг умумий ҳажмида маҳаллий корхоналарнинг улуши ортаяпти. Шу мақсадларда белгиланган дастур йўналишида иш ташкил этаётган “Муҳаммад Салом Омина”, “Рўзибоев Муҳаммад Расул”, “Ислом Нон”, “Моҳим Акбар барака”, “Мафтункор бахт юлдузи” хусусий корхоналарида тайёрланаётган маҳсулотларни хорижлик буюртмачиларга жўнатиш ишлари жадал бошлаб юборилди.
Бир неча йиллардан бери фаолият кўрсатмаётган “Нью ленд текс” қўшма корхонасини “Нарм текс” масъулияти чекланган жамияти биржа савдолари орқали сотиб олиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, модернизация қилиш ишларини амалга оширди. Бу борада корхонанинг 2013 — 2015 йилларда шаҳар саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурига киритилганлиги қўл келди. Қисқа вақт ичида ана шу мақсадларга 150 минг долларлик маблағ сарфланди. Германия, Хитой каби давлатлардан замонавий тикув машиналари, дастгоҳлар келтирилди. 20 та иш ўрни яратилди. Йилига 3 минг дона аёллар қишки кийимлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхона ҳозир тўла қувват ва юқори унум билан ишлаяпти.
Хулоса ўрнида айтганда, бугунги кунда Фарғона вилоятидаги 100 дан зиёд қўшма корхоналар дунёнинг 80 дан ортиқ давлатлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишган. Бу борада вилоятда ўтказилаётган хорижий инвесторлар иштирокидаги бизнес-форумлар яхши самара бераяпти. Фарғона, Қўқон, Қувасой шаҳарларида ташкил этилган шундай тадбирларда дунёдаги 20 дан зиёд давлатлардан келган сармоядорларга 118 та корхонага инвестиция жалб қилиш имконияти ҳақида таклифлар берилди. Хорижий инвесторлар билан 43 та халқаро меморандум имзоланди. Шундай анжуманлардан сўнг вилоят иқтисодиётига 20 миллион доллардан зиёд сармоя жалб этилди.
Президентимизнинг яқинда Фарғона вилоятига ташрифи, замонавий саноат тармоқларини ривожлантириш, халқаро бозорда рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган янги корхоналар барпо этиш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш ишларини изчил давом эттириш тўғрисида берган қимматли маслаҳатлари бу соҳани янада ривожлантириш, янги марраларга олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.


Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn