Сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар
  • 13 Июнь 2014

Сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар

мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутмоқда

Мамлакатимизда импорт ўрнини босадиган, рақобатбардош ҳамда экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ҳажми йил сайин ошиб бораётгани барчамизни қувонтиради, албатта. Бу борада тадбиркорлар ташаббуслари изчиллик билан қўллаб-қувватланаётгани ҳал қилувчи омил бўлаяпти. Хусусан, Президентимизнинг “2014 — 2016 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури тўғрисида”ги қарори, айниқса, муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунончи, жорий йилнинг биринчи чораги давомида Бухоро вилоятининг мазкур Дастурга киритилган корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган 5 миллиард сўмлик маҳсулот ички бозорда сотилди, айни чоғда 63,6 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди. Пировардида 7,2 миллион доллар миқдоридаги валюта тежаб қолинди. 

Муҳими, Дастур асосида ишлаш ниятидаги корхоналар сони тобора кўпаймоқда. Бухоро шаҳридаги “Азрузтекстиль”, “Афсона гилам”, “Hushbuy cosmetis”, “Бухара люкс мармар” каби корхоналар ана шулар жумласидандир. 

— Корхонамиз шу йилнинг январида фаолиятини бошлаган бўлиб, унинг устав сармояси 261,8 минг АҚШ долларини ташкил этади, — дейди “Hushbuy cosmetis” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона раҳбари Б. Қиличев. — Биз соч ювиш шампунлари ҳамда идиш ва ойна тозалаш кукунларини маҳаллийлаштиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. 

Ҳозирги кунда ушбу корхонада тўрт хилдаги соч ювиш шампунлари, ўндан зиёд турдаги атирсовунлар, тўрт хил идиш ювиш воситалари, кукунсимон воситалар ишлаб чиқарилмоқда. Улар сифати, ҳамёнбоплиги билан ички бозордан аллақачон ўз ўрнини топиб улгурди. Жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида ички бозорга 700 миллион сўмлик маҳсулот етказиб берилгани бунинг яққол тасдиғидир. 

— Корхонамиз замонавий технология билан жиҳозланган, — деди цех бошлиғи У. Бўронов. — Бу ердаги иш жараёнларининг асосий қисми компьютер ёрдамида бажарилади. Эътиборлиси, зарур идишлар шу ерда тайёрланаяпти. Масалан, қуйма термопласт ускунаси ёрдамида суткасига 6 минг дона идиш ишлаб чиқарилаётир. 35 граммдан бир литр сиғимгача бўлган ушбу идишлар корхонамиз эҳтиёжини тўлиқ қондирмоқда. 

Корхона жамоаси жорий йил якунигача бир миллиард беш юз миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ниятида меҳнат қилмоқда. Эътиборлиси, “Hushbuy cosmetis”нинг маҳсулотларига чет элликлар ҳам қизиқиш билдиришаётир. Бу келгусида кўплаб истиқболли лойиҳаларни ҳам амалга ошириш имконини беради.   

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn