Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан ташкил этилган навбатдаги анжуманда шулар хусусида сўз борди.
Қайд этилганидек, қўмита фаоллари геология-қидирув ишларини бажариш билан чегараланиб қолмасдан, янги конларни аниқлаш, соҳага янги технологияларни жалб этиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш борасида бир қатор тадбирларни амалга оширмоқда.
Маълумотларга кўра, фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат балансида жами саноатда ўзлаштиришга тайёр 1931 кон ҳисобга олинган бўлиб, шундан 54 фоизи мамлакатимиз мустақиллиги даврида очилган. Натижада республикамиз олтин, уран, мис каби бир қатор фойдали қазилмалар захиралари бўйича дунёнинг кучли ўнталик давлатлари қаторидан жой олди.
Геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ҳисобига мўлжалланган 7 та янги кон ўрнига 26 та кон саноатда ўзлаштиришга тайёрланди. Жумладан, 14 та ер ости сувлари, 5 та олтин, 3 та кварц (шиша хом ашёси), 1 тадан темир рудаси, вольфрам, ёнувчи сланецлар конлари шулар жумласидандир.
Шунингдек, 2018 йилдан эътиборан геология-қидирув жараёнига илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида аэрогеофизик усул ва ускуналарни қўллаш кўзда тутилган. Бу эса истиқболли геологик ресурсларни юқори аниқликда белгилаш имконини беради.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.