Президент қарори: "Ўзпахтасаноатэкспорт" тугатилди, яна нималар ўзгарди?
  • 28 Ноябрь 2017

Президент қарори: "Ўзпахтасаноатэкспорт" тугатилди, яна нималар ўзгарди?

Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни "Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга имзо чекди.

Ҳужжатда пахтачилик тармоғидаги ишларнинг ҳақиқий аҳволи ишлаб чиқариш жараёнларини тезкор янгилаш ва модернизация қилиш, илғор технологиялар ва корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш, умуман тармоқнинг жадал ривожланишига тўсиқ бўлаётган тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат бериши қайд этиб ўтилган. 

Қарорга мувофиқ "Ўзпахтасаноат" ва "Ўзпахтаэкспорт" акциядорлик жамиятларини бирлаштириш, шунингдек, "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компаниясини тугатиш (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 октябрдаги ПФ–5206-сон Фармони билан ташкил этилган - таҳр.) асосида пахтачилик тармоғи учун масъул бўлган ягона ташкилот – "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти ташкил этилди. Ёғ-мой тармоғини ривожлантиришнинг мақбул йўлларини белгилаб олиш мақсадида "Ўзпахтаёғ" акциядорлик жамияти ушбу тизимдан ажратиб чиқарилди. 

Янги ташкил қилинган "Ўзпахтасаноат" АЖга қайта ташкил этилган компанияларнинг мол-мулклари, уларнинг давлат улушлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан бирга ўтказилди. "Ўзпахтасаноат" АЖ таркибига кирувчи корхоналарнинг миқдори ва штатлар сони оптималлаштирилди, шу билан бирга мавжуд ресурслардан янада оқилона фойдаланиш бўйича қўшимча таклифлар тайёрланади. 

Қарор билан пахтачилик тармоғида ишлаб чиқариш жараёнларини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn