Пахтачилик истиқболи
  • 31 Октябрь 2017

Пахтачилик истиқболи

Пойтахтимиз қарийб бир ҳафта давом этган Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг 76-ялпи мажлисига мезбонлик қилди. Унда дунёнинг элликка яқин мамлакатларидан салкам 1500 нафар экспертлар, амалиётчилар, таҳлилчи ҳамда маркетологлар, нуфузли илмий-тадқиқот институтлари мутахассислари, селекционер олимлар қатнашди.

Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасига ўтган асрда асос солинган бўлиб, унинг таркибида Доимий қўмита, Пахта синовининг инструментал услубларини тижорий стандартлаштириш бўйича мақсадли гуруҳ (CSITC), Пахта ишлаб чиқаришнинг ижтимоий, экологик ва иқтисодий тавсифлари бўйича экспертлар гуруҳи (SEEP), Биотехнология бўйича экспертлар гуруҳи, Хусусий секторга маслаҳат гуруҳи (PSAP), Пахта соҳасини ривожлантириш бўйича халқаро форум (IFCP), Пахтани бирламчи қайта ишлаш бўйича экспертлар гуруҳи каби соҳа равнақида катта ўрин тутувчи тузилмалар фаолият юритади.

Бугунги кунда мазкур қўмитага дунёдаги пахта етиштирувчи ҳамда қайта ишловчи 30 дан ортиқ давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам тенг ҳуқуқли аъзо. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган йиғилиш эса соҳани янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, унинг доирасида жаҳон пахта бозори, тўқимачилик соҳаси, савдо, логистика, суғурта каби масалалар, қисқача айтганда, соҳа ривожи таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар муҳокама этилади. Ўзаро тажриба алмашилиб, пахта етиштириш агротехнологияси, селекцияси, генетикаси ва биотехнологияси йўналишидаги илмий ишланмалар билан яқиндан танишилади.

Қўмитанинг навбатдаги форуми ҳам бундан мустасно бўлмади, албатта. Яъни Тошкент мажлисида шулар қаторида, пахтага бирламчи ишлов бериш, тола сифатини баҳолаш, уни қайта ишлаш борасидаги муаммо ҳамда ютуқларга алоҳида эътибор қаратилди. Маърузалар кўлами кенг ва мазмунан жуда бой бўлди. Мисол учун, дастлабки кунда дунё пахта саноатидаги ўзгаришлар хусусида сўз юритилган бўлса, кейинги иш кунларида генетика, селекция, сифат ҳамда қайта ишлаш масалаларига оид чиқишлар қилинди. Соҳа истиқболи йўлида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимотлари ташкил этилди.

— Ушбу йирик форумнинг соҳа истиқболи учун ҳар томонлама фойдали бўлиши, шубҳасиз, — дейди Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси ижрочи директори Кай Хьюз. — Зотан, тадбир доирасида муҳокама қилинган мавзуларнинг барчаси жиддий. Шу билан бирга, истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳам кам эмас.

Яна бир эътиборга молик жиҳати, мажлисимиз навбатдаги Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасига тўғри келди. Пировардида иштирокчиларга юртингиз ижтимоий-иқтисодий, айниқса, инвестициявий салоҳияти, амалга оширилаётган ислоҳотлар, инновацион лойиҳалар самаралари билан яқиндан танишиш имконияти туғилди. Бу, албатта, хорижлик ишбилармонларнинг иқтисодиётингиз реал сектори, хусусан, тўқимачилик жабҳасига истиқболли сармоялар киритишга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Таъкидлаш керакки, заминимизда етиштирилган пахта толаси сифат борасида дунё бозорида ўз ўрнига эга. Кейинги йилларда мазкур муҳим саноат хом ашёсини ўзимизда қайта ишлаш орқали тайёр ҳамда яримтайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми тобора ортиб бораётгани, айниқса, диққатга сазовор. Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларида пахта хом ашёсини қайта ишлаш кўрсаткичи атиги 6-7 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирги кунга келиб, бу рақам 70 фоизга етказилгани ана шундан далолат беради.

Қисқача айтганда, Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг 76-ялпи мажлиси қатнашчилар учун серқуёш мамлакатимизнинг пахтачилик саноатидаги янгиланишлардан хабардор бўлиш имконини бергани баробарида, барчада унутилмас таассурот қолдирди.

Тадбир якунида унинг навбатдаги мажлисини Африка минтақасидаги Кот-д’Ивуар давлатида ўтказишга келишиб олинди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn